Шахмат спорт турини янада ривожлантириш ва уни оммавийлаштириш мақсадида Сирдарё вилоятида Шахмат федерациясининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди. Йиғилишда муҳим қарорлар қабул қилинди. Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов шахмат федерацияси раиси этиб сайланди.
Қурултой иштирокчилари шахмат инфратузилмасини яхшилаш, мураббийлар малакасини ошириш ҳамда вилоят шахматчиларини халқаро мусобақаларда фаол иштирок эттириш юзасидан таклифлар беришди.
[gallery-23524]
Ҳозирги кунда Сирдарё вилоятида шахмат кенг оммалашган. Боёвут, Сайхунобод, Гулистон, Сардоба туманлари ва Гулистон шаҳридаги спорт мактабларида 33 нафар мураббий 1158 нафар ёш шахматчига таълим бермоқда, шулардан 437 нафари қизлардир. Бу эса тенг имкониятлар таъминланишига хизмат қилмоқда.
2024–2025 йилларда вилоят шахматчилари мамлакат чемпионатлари ва кубоклари учун ўтган баҳсларда 26 та медалга (7 та олтин, 8 та кумуш ва 11 та бронза) сазовор бўлишди. Шунингдек, сўнгги уч йил ичида жаҳон ва Осиё чемпионатларида қўлга киритилган 25 та халқаро мукофот вилоят шахмат мактабларининг самарадорлигини яққол намоён этмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, шахматнинг ривожига қаратилган давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик бугунги муваффақиятларнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолаверади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5yxhC4F0DB8" title="Sirdaryo viloyat shaxmat federatsiyasida yangi rahbar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат,) ЎзА мухбирлари