Айни пайтда Сирдарё вилояти раҳбарияти Эркинжон Турдимов бошчилигида Япония пойтахти Токиода хизмат сафари билан бўлиб турибди.
Сафарнинг биринчи кунида вилоят делегацияси Momiki Co. Ltd., Farmdo Group ва Altai Trading каби йирик япон компаниялари раҳбарлари билан, иккинчи куни эса Япониядаги элчихона ташаббуси билан Phytopharma, New Silk Way Inc., Aomori Nousan, Sozo Kobo Co., Ltd., Washin Trading ҳамда Onodera User Run компаниялари раҳбарлари билан қатор стратегик ва инвестиция йўналишларида музокаралар ўтказди.

Учрашувлар давомида қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, савдо-логистика ва хизматлар соҳаларида истиқболли ҳамкорлик йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, технология ва тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Музокараларда агроиқтисодий салоҳиятни ривожлантириш, қуёш энергетикаси ва агроэкспорт, фармацевтика, савдо-логистика ҳамда хизматлар соҳаларида истиқболли ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, Сирдарёда етиштирилаётган мева-сабзавот ва дуккакли экинларни юқори қийматли маҳсулотларга айлантириш, қайта ишлаш учун замонавий технологияларни жорий этиш, Solar Farm лойиҳалари орқали қуёш энергияси соҳасига инвестициялар киритиш ва япон тажрибасини татбиқ этиш, шунингдек, экспорт истиқболлари марказий мавзулардан бири бўлди.

Музокаралар натижасида қўшма лойиҳаларни бошлаш ва стратегик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ йўналишлар белгиланди. Бу келишувлар Сирдарёда иш билан таъминлашни кучайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва энергия самарадорлигини яхшилашга хизмат қилади.

Маълумки, 2025 йил декабрь ойида Токиода “Марказий Осиё + Япония” бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда 158 та қўшма ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, давлат даражасида қўллаб-қувватланди. Шунингдек, Ўзбекистонда Япония давлат банклари ва компаниялари билан қишлоқ хўжалиги ва энергия соҳаларида кенг кўламли келишувлар амалга оширилмоқда.

Сирдарё вилояти делегациясининг Япония сафари нафақат экспорт салоҳиятини ошириш, балки Ўзбекистон–Япония инвестиция муносабатларини янги босқичга кўтаришда муҳим қадам сифатида эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири