Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели – Давлат тиббий суғурта механизми билан боғлиқ ишлар билан танишиш, тажриба алмашиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси вакиллари ҳамроҳлигида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Доктор Ашина Халакдина бошчилигидаги делегация Сирдарёга ташриф буюрди.
Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хуршид Ҳакимов меҳмонлар билан учрашиб, тизимдаги вазифалар юзасидан фикр алмашди. Қизиқарли ва конструктив руҳда ўтган учрашувда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, давлат тиббий суғуртаси механизмлари асосида кўрсатилаётган тиббий хизмат турлари хусусида сўз юритилди.

Меҳмонлар Боёвут тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 7-оилавий поликлиника, Ғалаба оилавий шифокорлик пункти, Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада бўлиб, беморларга яратилган шароитларни кўздан кечирди. Сўнгра тиббий бригадалар фаолияти, беморларга электрон йўлланма бериш тартиби билан танишиб соҳа ходимларига тавсия ва маслаҳат берди.



–Ўзбекистонга келганимга унча кўп бўлмади. Сирдарёга, соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели – давлат тиббий суғурта механизми билан боғлиқ ишлар билан танишиш мақсадида ташриф буюриб, ўзбек халқини бағри нақадар кенг ва меҳмондўстлигига гувоҳ бўлдим. Энг асосийси, ўйламагандим, давлат тиббий суғурта тизими билан боғлиқ ишлар, қисқа фурсатда, шу даражада яхши йўлга қўйилади деб. Муаммоларга келсак, бор, албатта. Муаммолар ҳам аста ўз ечимини топади, – деди Доктор Ашина Халакдина.
Шуҳрат Суяров, ЎзА