Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё тажрибаси GIZ экспертлари диққат марказида
20:22 / 2025-10-11

Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) “BACKUP Health” дастури консультантлари — доктор Турал Гулу ва Гинтарас Каcевисиус Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси фаолияти билан танишдилар.

Ташрифдан мақсад — вилоятда тиббий суғурта тизимини жорий этиш жараёнлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдаги аҳамиятини ўрганишдан иборат эди.

Дастлаб меҳмонлар бўлинма раҳбарияти ва мутахассислари билан учрашиб, жамғарма тизимидаги янгиликлар, реимбурсация амалиёти ва тиббий хизматларни молиялаштиришдаги шаффофлик масалалари бўйича фикр алмашдилар. Учрашувда бўлинма бошлиғи Ш. Мамадалиев, бош мутахассислар А. Бегмуродов, Н. Саидова ҳамда Р. Жўраевлар иштирок этишди.

Консультантлар, шунингдек, Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Боёвут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 7-сон оилавий поликлиника фаолияти билан танишдилар. Улар оилавий шифокорлар ва ҳамширалар билан суҳбатлашиб, тиббий суғурта тизими амалда қандай қўлланилаётгани, беморларга хизмат кўрсатиш жараёнлари ва рақамли ҳужжат айланмаси бўйича тавсиялар беришди.

Кун якунида “GIZ BACKUP Health” консультантлари Гулистон тиббиёт кластерида бўлиб, у ерда амалга оширилаётган инновацион ёндашувлар, замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлимлар ва рақамли бошқарув тизими фаолияти билан танишишди.

Кейин улар  Сирдарё вилоятида тиббий суғурта тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тизимли ва натижавий йўлга қўйилганини қайд этиб, ушбу тажриба мамлакатнинг бошқа ҳудудлари учун ҳам намуна бўлиши мумкинлигини таъкидлашди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири