Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё қовунлари ширинлигининг сири нимада?
16:14 / 2024-10-10

Юртимизда қовуннинг "Оқуруғ"," Бўрикалла", "Кўкча", " Қизилуруғ", "Сариқ ҳандалак", " Оби новвот", "Шакарпалак", " Кампир қовун", "Амир қовун", "Кўкча" каби 150 дан ортиқ нави бўлса, шундан 70 дан ошиқ нави Сирдарёда етиштирилади.

Қизиғи шундаки, республикамизнинг барча ҳудудларида қовун экилса-да, Сирдарёнинг қовунидек ширин, мазали бўлавермайди. Шунинг учун ҳам айтишади-да: Чустнинг пичоғига, Самарқанднинг нонига, Марғилоннинг адрасига, Шерободнинг анорига, Олтиариқ ва Паркентнинг узумига, Сирдарёнинг қовунига дуо кетган деб. Бу бежиз эмас.

–Ота–боболарим зоминлик бўлса-да, Оқчангалда туғилганман, – дейди Холбек Абдурайимов. –Эсимни танибманки, қовун етиштириб сотамиз. Харидорлар Сирдарё қовунлари ширинлигининг сири нимада, деб кўп сўрашади, Ҳеч иккиланмай бошқа ҳудудларникига ўхшамаган об-ҳавоси, ери ва сувида деймиз. 

–Сирдарё қовунининг ҳосили мўл ва таъми тотли бўлади, – дейди сардобалик Бахтиёр бобо Носиров. –Унинг эртаки нави 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача экилади. Энг асосийси, юртимизда қовун етиштиришда Сирдарё, Жиззах, Хоразм ҳудудлари етакчилик қилади. Бунда энг биринчи галда уруғ муҳим роль ўйнаса, ер ҳам танлайди. Сирдарёнинг бошқа ҳудудларига экилган қовун Сардоба, Ховос, Оқолтин, Мирзаобод туманларида етиштирилган қовунлардек мўл-кўл ҳосил беравермайди. 

Эсимда, бундан тўрт йил муқаддам Мирзаобод туманининг М. Улуғбек маҳалласи ҳудудидан анорчилик йўналиши учун олган ер майдонига қовуннинг "Оби новвот","Оқуруғ" навларини эккандим. "Оқуруғ" дан кўра, "Оби новвот"дан юқори ҳосил олганман. Шунга яраша даромад ҳам яхши бўлганди. Ўша йили укам мендан уруғ олиб кетиб, Қашқадарёнинг Чироқчисига қовун экканди. Кутган даражада ҳосил ололмаган. Шунда энамнинг укамга айтган "Кўп ҳам хафа бўлаверма, Мирзачўлнинг қовунига дуо кетган" деган ҳазиломуз сўзлари ҳали- ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди. 

–Қовун экиш сир- асрорини олдинига отамдан, сўнг турмуш ўртоғимдан ўрганганман, – дейди оқчангаллик Ойсафар Турсунова. – Катта фарзандим 4 ёш, кичик фарзандим 2 ёш бўлганда турмуш ўртоғим вафот этди. Қайта турмуш қурмадим. Фарзандларимни деб ёлғиз бошим билан қовун экдим, чопиқ қилдим, кам бўлмадим. Ана шунга ҳам бу йил 29 йилдан ошибди. Қийин кунлар кўп бўлган, бировларга ўхшаб эшик ҳатлаб, уёқ-буёққа ёрдам сўраб югурмадим. Айтишади-ку, "Қўлдан берганга қуш ҳам тўймайди" деб. Астойдил сўрасангиз, ризқни берувчи бор. Қовун экиб қиз узатдим, ўғил ўйладим. Бугун бўлса, бир этак набираларим атрофимда. 

Ўтган йили Ойсафар Турсунова 4 гектар ерга қовуннинг" Оқуруғ", "Кўкча", " Қизилуруғ", "Оби новвот" уруғларини экканди. Етиштирган ва сотган қовунлари ҳисобидан эса ўғли Умрқулга янги "Дамас" русумли автомобиль олиб берган бўлса, 2 тонна қовун қоқининг ҳар бир килограммини экспортёрларга 14 минг сўмдан сотиб, олган фойдаси ҳисобига бу йил яна 6 гектар ер майдонига қовун экди. 

–Бу йил эккан қовунларимиз ўтган йилга нисбатан анча арзон бўлди. Катта фойда қилмаган бўлсак-да, насибага яраша ҳосил чиқди. Қолган қовунлардан қовун қоқи тайёрлаган бўлсак, унинг пўчоғи қора молга, уруғи эса товуқларга ем бўлди. Энг асосийси, бу иш билан нафақат мен, Ховос туманининг Оқчангал маҳалласида истиқомат қилаётган аҳолининг деярли 70 фоизи шуғулланяпти. Чунки қовунчилик маҳалламизда драйвер соҳага айланган.

Мухтасар айтганда, сўнгги вақтда қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари қатори қовунчилик Сирдарёнинг Сардоба, Ховос, Оқолтин, Мирзаобод туманларида ривожланяпти. Бу эса аҳоли даромадининг ошишига, бозорларнинг тўкин бўлишига, шу билан бирга вилоятнинг экспорт салоҳияти ошишига ҳисса қўшмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири