Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманида Сирдарё вилояти билан ҳамкорлик доирасида “Сирдарё. маънавият ва маърифат кунлари” тадбирлари юқори савияда ва кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Мазкур маданий-маърифий анжуман икки ҳудуд ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш ҳамда ёш авлод қалбида ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғуларини юксалтиришга хизмат қилди.
Тадбирларда Сирдарё вилоятидан ташриф буюрган маданият ва маънавият соҳаси вакиллари, ижодкорлар, санъаткорлар, шунингдек, туман фаоллари, нуронийлар, таълим муассасалари раҳбарлари ва ёшлар иштирок этди. Учрашувлар очиқ мулоқот ва фикр алмашув руҳида ўтди.
“Сирдарё маънавият ва маърифат кунлари” доирасида мамлакатимиз Президенти — Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган маърифий анжуман ҳам ташкил этилди. Анжуманда Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов, Сирдарё вилояти Маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусниддин Маматов иштирок этиб, Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалар — иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, ёшлар сиёсати ва ижтимоий ҳимоя масалаларини атрофлича шарҳлаб бердилар. Таъкидланганидек, барча ислоҳотлар замирида “Инсон қадри учун” тамойили устувор аҳамият касб этмоқда.
Маданият марказида бўлиб ўтган адабий-бадиий учрашувлар мазмун жиҳатдан янада бой ва қизиқарли тарзда ташкил этилди. Икки ҳудуд ижодкорлари ўз асарлари билан иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашдилар. “Қонликўлнинг ижодкор ёшлари” номли шеърий тўплам тақдимоти тадбирнинг энг ёрқин лаҳзаларидан бири бўлди. Тақдимот жараёнида таниқли шоир, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Нурлибой Давлетбаев ёш ижодкорларнинг бадиий изланишлари ва ижодий салоҳияти юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида “Миллий қадриятлар атласи” ва “Миллат фидойилари” китоб-альбомлари тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу нашрлар халқимизнинг бой тарихи, анъана ва урф-одатлари, миллий мероси ҳамда ватанпарварлик ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Концерт дастурида ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг миллий мақом қўшиқлари, анъанавий рақслар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Санъаткорларнинг чиқишлари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Шунингдек, тадбир доирасида ёшлар билан мулоқотлар ташкил этилди. Уларнинг ташаббус ва таклифлари тингланиб, ижодий ва ижтимоий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича келишувларга эришилди. Фаол ёшларга эсдалик совғалари топширилди.
Бир сўз билан айтганда, Қонликўл туманида ўтказилган “Сирдарё маънавият ва маърифат кунлари” тадбирлари икки ҳудуд ўртасидаги маданий ва маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.
[gallery-27800]
Учрашувлар давомида тадбир иштирокчилари томонидан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ҳудудлар ўртасида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ғулом Примов, ЎзА