English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё делегацияси Фужианнинг етакчи саноат корхоналарида бўлди
14:46 / 2025-11-01

Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифини давом эттирмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Хитойнинг Фужиан музофотида қатор йирик компаниялар — Fujian Minyijia New Building Material, Pan Pan Food, Sichuan Kindafu Door, Zhejiang Kelu Nukler, Fujian Road and Bridge Construction ҳамда Fujian Zhanda корпорациялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувларда Сирдарё вилояти учун муҳим бўлган тармоқлар — қурилиш саноати, йўл ва инфратузилма қурилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, энергетика ҳамда инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Бугун Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Фужиан музофоти губернатори Чжао Лун билан расмий мулоқот ўтказди. Суҳбатда икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли саноат ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, тажриба алмашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Губернатор Чжао Лун Фужиан музофоти томонидан Сирдарё вилояти билан ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади. Учрашув конструктив руҳда ўтиб, икки ҳудуд ўртасидаги амалий алоқаларни янги босқичга кўтариш бўйича келишувга эришилди.

Шундан сўнг вилоят делегацияси аъзолари Фужианнинг етакчи ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Хусусан, делегация Snowkey Group компаниясида бўлиб, катта ҳажмли музлаткичлар учун компрессор ва двигателлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Компания маҳсулотлари Хитойнинг турли минтақалари ҳамда хорижий бозорларга экспорт қилинаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, Hoardsun Technology Group корхонасида ҳам учрашув ўтказилиб, замонавий технологиялар ва саноат ускуналарини ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.

Ташриф доирасидаги музокара ва учрашувлар икки ҳудуд ишлаб чиқарувчилари ўртасида янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири