Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё далаларида пахта йиғим-терими қизғин
11:21 / 2024-09-15

Боёвутдаги "Хўжа муборак" фермер хўжалиги раҳбари Ортиқ Шарифов бу йил фермер хўжалигига қарашли 80 гектар ернинг 50 гектарига буғдой, 30 гектарига эса чигит қадади. Хўжалигидаги 6 нафар доимий, 20 нафар мавсумий ишчи, мавжуд техника воситалари ёрдами билан барча агротехник тадбирларни бажариб, экилган экинига ўз вақтида сув ва ўғит берди. Шунга яраша буғдой экилган ер майдонининг ҳар бир гектаридан 50 центнердан ҳосил олган бўлса, ерга қадалган чигит, ундан униб чиққан ғўзадан 25 центнердан ҳосил олишни режа қилиб турибди.

Бугун фермер хўжалиги дала майдонига экилган чигит ниҳолга, ниҳол эса ғўзага айланиб, ундаги кўсаклар тўлиқ очилган. Шу боисдан ҳам, у Боёвут туманида биринчилардан бўлиб,  пахта йиғим-терими ишларини бошлаб юборди.

–Теримчилар бегона эмас, – дейди Ортиқ Шарифов.  —  Шу маҳаллада яшовчи кишилар. Бир теримчи  бир кунда ўрта ҳисобда айтганда 100- 120  килограмм пахта тераётган бўлса,  илғор теримчи 200- 250 килограммгача пахта теряпти. Шунга яраша даромад қиляпти.  

Фермер бу йил  ўтган йилга қараганда маррани баландроқ олган. Гектаридан 25 центнердан, жами 75 тонна пахта хомашёсини биржа орқали тумандаги “Боёвут техно кластер” МЧЖга етказиб бермоқчи. Шу бугунги кунгача фермер хўжалиги дала майдонидан йиғиб-териб олинган ва “Боёвут техно кластер” МЧЖга етказиб берилган пахта хомашёсининг умумий миқдори 30 тоннадан ошган, фермер келаётган ҳафтанинг пайшанба  кунига қадар шартномавий режани 120 фоиз бажариш ниятида. Чунки,  чигит қадалган майдоннинг эндигина 7  гектаридан пахта териб олинди. Унинг ихтиёрида пахтаси терилмаган,  оппоқ ва бўлиқ бўлиб очилган яна 23 гектар ер турибди.  

– Биласизми,  деҳқончиликда тажриба муҳим роль ўйнайди. Ота-бобом асли Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан. Боёвутга чўлни ўзлаштириш,  экин экиб,  юрт ривожига ҳисса қўшиш мақсадида  Иккинчи жаҳон урушидан сўнг,  1948 йилларда кўчиб келишган.  Уста,  миришкор деҳқон бўлишган. Мен улардан деҳқончилик илмини,  пахта,  ғалла экиш,  ундан юқори ҳосил олиш сирларини ўргандим.  Шу боисданми,  қандай об-ҳаво бўлмасин, ерга бор меҳримни бераман. Ўз ишимдан завқ оламан.  Бу эса ютуқларимнинг бош омили бўляпти,–дейди фермер.

Тўғриси ҳам шундай. Деҳқончиликда  тажриба  муҳим роль ўйнайди. Буни у яхши билади. Ҳар бир нарсадан унумли фойдаланади.   Ўтган йилги олган даромадидан фермер хўжалиги учун зарур  бўлган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олиб,  фермер хўжалиги ҳудудидан ўтувчи 2 километрдан ошиқ  ички суғориш тармоқларини бетонлаштириб, уй қуриб, тўй қилган бўлса, бу йилги даромадидан қўшимча қишлоқ хўжалиги транспорт воситаларини сотиб олишни, қолган 1.5  километрлик ички суғориш тармоқларини бетонлаштиришни, ёрдамталаб инсонларга ёрдам беришни режа қилиб турибди.

Муҳими, у  ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланган . Чигит қадалган майдоннинг четига ишчи хизматчилар ва ўз оиласи учун қовун-тарвуз, ошқовоқ, помидор, булғор қалампири, бақлажон эккан бўлса, ғалладан бўшаган 50  гектар ер майдонига мошнинг "Дурдона" навини қадаган. Ўтган йили у 30 гектар ерга экилган мошдан гектарига 1 тонна 200-  1 тонна 300 килограммдан мош йиғиб-териб олган бўлса,  бу йил 50 гектар майдонга экилган мошдан  65 тонна мошни йиғиб-териб олиб,  уни экспортёр корхоналарга етказиб беришни режа қилиб турибди.

–Фермер хўжалигимизда  ҳали қилинадиган юмушлар кўп.   Пахтадан бўшаган майдонга буғдой қадашимиз, мошдан бўшаган ерга яхоб суви бериб, зарур агротехник тадбирларни ўтказишимиз керак.  Бу юмушларни ўз вақтида бажарсаккина,  деҳқончиликда омад кулиб боқади,–дейди у.

Хуллас, Боёвутда "Хўжа муборак" фермер хўжалиги раҳбари Ортиқ Шарифовга ўхшаш тажрибали, уста миришкор деҳқонлар кўп. Шу кунларда уларнинг далаларида ҳам пахта йиғим –терими қизғин бормоқда.

Ғулом Примов,

ЎзА мухбири