Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё бозорларида хавфсизлик назорати кучайтирилди
16:38 / 2025-12-09

Жорий йилнинг 2 декабрь куни Гулистон шаҳрида жойлашган бозордаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида газ портлаши натижасида ёнғин содир бўлганди. Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро жабрланди: улардан 26 нафари шифохонага ётқизилган, 3 нафари эса амбулатор тарзда даволанган.

Улар орасида ўта оғир аҳволдаги 3 бемор ҳаётдан кўз юмган, яна 1 бемор сунъий нафас олдириш аппаратига уланган. Икки нафар ҳомиладор аёл махсус шифохонага ётқизилди, ҳозир уларнинг аҳволи қониқарли, 15 нафар бемор эса мутахассислар назоратида даволанмоқда.

2025 йилнинг 4 декабрида Сирдарё вилоятига ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёев жабрланганлар, уларнинг яқинлари, шифокорлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармасининг раҳбарлари билан учрашди. Давлат раҳбари беморларнинг аҳволи ва даволаш жараёни билан танишди, палаталарга кириб улардан хабар олди ва оила аъзолари билан суҳбатлашди. Шунингдек, Президент мутасаддиларга жабрланганларга зарур барча тиббий ёрдам кўрсатилишини қатъий назоратга олиш ва ҳалок бўлганлар оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқлар берди.

Ҳодисанинг аниқ сабабларини чуқур ўрганиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва келгусида шунга ўхшаш ҳолатларнинг такрорланишини олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги устидан назоратни кучайтириш вазифалари белгилаб берилди.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари – Штаб бошлиғи полковник Санжар Зупаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ бозор ҳудудидаги умумий овқатланиш шохобчаларида ёнғин хавфсизлиги ҳолати, электр ва газ қурилмаларининг техник созлигини текширди. Табиий ва суюлтирилган газ баллонларидан ноқонуний ёки хавфли фойдаланиш ҳолатлари бўйича тегишли идоралар вакиллари қатъий огоҳлантирилди.

–  Гулистон шаҳридаги умумий овқатланиш шахобчаларида кучайтирилган назорат-профилактика тадбирларига ФВБ, ИИБ ҳамда газ ва электр таъминоти корхоналарининг ходимлари ҳам жалб этилди. Ишчи гуруҳ тадбирлар давомида тадбиркорлар томонидан ноқонуний ўрнатилган ва ёниш ҳамда портлаш хавфи юқори бўлган ҳолатлар ўрганилиб, 70 дан ортиқ газ баллонлари фойдаланишдан олиб қўйилди, — дейди Сирдарё вилояти ФВБ бошлиғи ўринбосари Асрор Ғозихўжаев.

Шу билан бирга, савдо расталарининг жойлашувини тартибга солиш, ўтиш-йўлакларни тўсиб қўйган сунъий тўсиқларни олиб ташлаш бўйича соҳавий хизмат ходимларига аниқ кўрсатмалар берилди. Назорат ишлари Янгиер ва Сирдарё тумани бозорларида ҳам давом эттирилди. Бу ерда бозор инфратузилмасининг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, савдо расталарининг жойлашуви, электр жиҳозларининг техник ҳолати ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чора-тадбирлари атрофлича ўрганилди.

Эҳтимолий фавқулодда вазият юз берган тақдирда аҳолини тезкор ва хавфсиз эвакуация қилиш имкониятлари, кириш-чиқиш йўлакларининг очиқлиги, ёнғин ўчириш воситалари ҳамда сув манбалари мавжудлиги ва яроқлилигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрганишлар якунида масъул хизматлар ва бозор маъмуриятига аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, профилактика ишларини янада кучайтириш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири