English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё аграр тармоғида янги босқич
17:25 / 2025-09-10

Сирдарё аграр соҳаси тубдан янгиланиш босқичига кирди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 июндаги “Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасини янги ёндашув асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори вилоят қишлоқ хўжалигида замонавий ислоҳотларни амалга ошириш ва тармоқни янги поғонага олиб чиқишда дастуруламал вазифасини ўтамоқда.

Қарор доирасида 53 та аниқ тадбир белгиланган бўлиб, уларнинг 15 таси аллақачон бажарилди, қолган 38 таси бўйича ишлар изчил давом этмоқда. Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтган ҳокимлик соатида мазкур қарор ижроси кенг муҳокама этилди.

Маълумотларга кўра, ҳисобот даврида 144,8 километр коллектор-дренаж тармоқлари қайта тикланди, ер ресурслари ҳисобдан ўтказилиб, геоахборот маълумотлар базаси янгиланди. Бунинг натижасида ер майдонларидан самарали фойдаланиш имконияти ортмоқда.

Аграр соҳада ишлаб чиқариш ҳажми ҳам барқарор ўсмоқда. Жорий йилда 37,8 минг тонна гўшт, 189 минг тоннага яқин сут ва 92,6 миллион дона тухум етиштирилди. Бу кўрсаткичлар аҳоли дастурхонининг тўкислигини таъминлаш билан бирга, ички бозор барқарорлигига ҳам хизмат қилмоқда.

–  Президент қарори — биз учун йўл харитаси, –  деди Эркинжон Турдимов. –  Ҳар бир кўрсаткич халқ фаровонлигига қўшиладиган улкан ҳиссадир. Биз барча тармоқларда янада қатъият билан меҳнат қилиб, қишлоқ хўжалигини янги босқичга кўтаришимиз зарур.

Йиғилишда мутасаддилар олдига қатор устувор вазифалар қўйилди. Жумладан, 990 километр коллектор-дренаж тармоқларини тиклаш, фойдаланишдан чиққан 18 минг гектардан ортиқ майдонларни ишга тушириш, Ховос туманида эса 1 500 гектар интенсив боғ ва токзорлар ташкил этиш режалаштирилган. Бу тадбирлар нафақат ички бозорда сифатли маҳсулот етиштиришни, балки экспорт салоҳиятини кучайтиришни ҳам назарда тутади.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган аниқ вазифалар кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, масъул раҳбарлар ва туман ҳокимлари бир ой муддатда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳисобот тақдим этишлари қатъий уқтирилди.

Муҳокамани вилоят раҳбари қуйидаги сўзлар билан якунлади:  –  Сирдарё аграр соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир қадам келажакда халқимиз дастурхони тўкислиги ва юрт тараққиёти гарови бўлиб хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири