Сирдарёлик нуронийлар ҳолидан хабар олинди
Шундан сўнг, ҳудуддаги фуқаролар йиғини раислари, маҳалла фаоллари ва ёшлари иштирокида «Саломатлик учун 5000 қадам» акцияси ўтказилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Содиқжон Турдиев кексалар ҳолидан хабар олиш, уларни қийнаётган муаммоларни атрофлича ўрганиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида Сирдарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида бўлиб, нуроний ва ёшлар вакиллари билан учрашди.
Жумладан, Сирдарё туманидаги «Оқибат» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида соҳа ходимлари, кекса ва нуронийлар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 октябрдаги Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги «Янги Ўзбекистон» маҳалласига қилган ташрифи вақтида Сирдарё тажрибаси асосида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш таклифини илгари сурганлиги, ҳақиқатдан ҳам жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланишнинг инсон саломатлиги ва узоқ умр кўришида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, ҳудуддаги фуқаролар йиғини раислари, маҳалла фаоллари ва ёшлари иштирокида «Саломатлик учун 5000 қадам» акцияси ўтказилди.
С.Турдиев Сардоба туманида яшовчи, узоқ йиллар юрт ривожи йўлида самарали меҳнат қилиб, бугун кексалик гаштини сураётган бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олди. Жумладан, туманнинг «Файзлиобод» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фахрий мураббий, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Холмўмин ҳожи бобо Шукуров хонадонида бўлиб, у билан дилдан суҳбатлашди.
Шунингдек, вилоятнинг Сайхунобод туманидаги «Ёшлар истироҳат боғи»да ўтказилган учрашувда аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш учун қандай ишларни амалга ошириш зарурлиги борасида сўз юритилди.
— Коронавирус инфекцияси инсонларнинг саломатлиги, ҳаётига хавф солаётган бир пайтда ҳаммани вирусдан зарарланганда қандай қилиб ундан тез ва осон қутулиш мумкин, деган савол қийнамоқда, — деди вазир ўринбосари Содиқжон Турдиев. — Муаммонинг энг самарали ечими соғлом турмуш тарзига амал қилишдир. Бу нафақат вирусдан ҳимояланиш, балки узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришнинг энг асосий қоидаси, талаби ҳамдир.
Касалликнинг кучли асоратлари ва ўлим ҳолатлари асосан юрак қон-томир касалликлари, қандли диабет, ўпканинг сурункали касалликлари бўлган ёки ортиқча вазнга эга ҳамда тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилган, кам ҳаракат инсонларда учрамоқда. Шуни унутмаслик керакки, касалликнинг енгил кечиши ёшга боғлиқ эмас, аксинча, катта ёшда бўлса ҳам тўғри овқатланган, жисмоний фаол бўлган инсонларга бу хасталик жиддий хавф туғдирмайди.
Соғлом турмуш тарзининг асоси эса жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланишдир. Шу боис Сайхунобод тажрибаси асосида аҳолини кўпроқ юриш, тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилишларига одатлантирамиз. Ҳар бир маҳаллада аниқ бир вақтда ўзаро масофа сақлаган ҳолда кексаю ёшларни юриш марофонига чорлаймиз. Одамлар бунинг фойдасини тушуниб етгачгина узоқ масофага юриш, тўғри овқатланишни одатга айлантиради.
Шунингдек, С.Турдиев маҳаллалар ўртасида «Энг соғлом маҳалла», «Энг соғлом кўча» танловлари ўтказилиб, ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган, соғлом турмуш тарзига амал қилган фуқароларни турли мукофотлар билан рағбатлантириб борилишини айтиб ўтди.
Учрашув сўнгида йиғилиш қатнашчилари иштирокида «Саломатлик учун 5000 қадам» марафони уюштирилди.
Қолаверса, «Шодлик» маҳалласида кекса ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, улар тиббиёт ходимлари томонидан тиббий текширувдан ўтказилди. Кўрик давомида кексаларга зарур тиббий муолажалар кўрсатилиб, ҳомийлар томонидан ажратилган озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Шундан сўнг вазир туман ҳокими Б.Мирзақулов билан биргаликда жорий йил қуриб битказилган «Иттифоқ» маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси ҳамда ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан атрофлича танишди.