Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёлик кутубхоначилар ташаббуси
10:06 / 2020-05-12

“Сардоба” сув омборидаги ўпирилиши туфайли юзага келган тошқин 100 мингдан ортиқ фуқароларни ўз уйини ташлаб, хавфсиз жойга қочишга мажбур қилди.

“Сардоба” сув омборидаги ўпирилиши туфайли юзага келган тошқин 100 мингдан ортиқ фуқароларни ўз уйини ташлаб, хавфсиз жойга қочишга мажбур қилди. 70 мингдан ортиқ фуқаролар эвакуация қилинди. Тошқин йўлида жойлашган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларидаги 5 та қишлоқ аҳосининг деярли барчаси маълум бир соатлар ичида мол-мулки, экин-тикини, энг ачинарлиси бошпанасидан мосуво бўлди.

Жорий йилнинг 1 май куни эрта тонг соат 5-6 лар атрофида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларидаги бир қатор маҳаллалари аҳли овоз кучайтиргичдан: “Зудлик билан ҳамма ўз уйини тарк этиб, хавфсиз ҳудудга ўтсин, сув тошқини хафи жуда яқин!” деган буюруқдан капалаги учиб кетди. 

Одамлар саросимада, эгнидаги кийими, оёғидаги ковуши билан бола-чақасини олиб кўчага чопди, ўнг келган уловга миниб, ўзлари хавфсиз деб ҳисоблаган ҳудуд томон қочарди. Битта “Нексия”га ўнталаб, “Дамас”га ўнбештагача, “Волга-Газ-31” каби автомобилларга 20 нафаргача одам миниб олган ҳолатларни кўрганини гапириб беришди. Гарчанд одамлар ваҳимага, саросимага тушган бўлсаларда, Яратганнинг каромати билан тилсиз ёвдан бирдамликда, биргаликда, бир-бирлари учун ёрдамга қўл чўзиб, қўлни-қўлга бериб қочганларини ҳикоя қилишди. Бир-бировини етаклаган, ёш болаларни опчилаган, кексаларни суяган “қочоқлар”нинг асосий қисми вилоят маркази бўлгани учунми, Гулистон тарафга қараб қочарди.
2 кутубхоначи-2.jpg

Фавқулотда вазиятлар, ички ишлар, Миллий гвардиянинг хизматчилари етиб келиб, тошқиндан пиёда қочаётганларни ўзлари миниб келган машиналарга ўтқазиб, хавфсиз ҳудудга кузатиб, ўзлари тилсиз ёв билан юзма-юз қоларди... 

– Мирзаобод тумани маркази Наврўз шаҳарчасига келганимизда бизга ўхшаган “қочоқлар”нинг бениҳоя кўплигидан ақлим шошди, – дея эслайди тошқин бўлган 1 май кунини Мирзаобод туман ахборот-кутубхона марказида ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассиси, шу туманнинг тошқиндан талофат кўрган Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини, тошқиндан сўнг фақатгина номи қолган Бахмал кўчасида истиқомат қилувчи Иброҳим Эрназаров. – Ҳар қайсимизни, қишлоқ-қишлоқ, оила-оила қилиб ўқув, мактабгача таълим муассасалари ётоқхоналарига бўлишди. “Мен “фалон” кишини ўзим билан ўз уйимга олиб кетгани келдим!” деб келган фуқароларимиз ҳам жуда кўп бўлди. Вилоят, туман, шаҳар раҳбарларига, фавқулодда вазиятлар, миллий гвардия, ички ишлар ва умуман бошқа барча хизмат вакилларига, саховатпеша ўзбек халқига минг раҳмат. Вақтинча бўлсада, Гулистон шаҳри 4-мавзусидан бошпана беришди, кийим-кечак, иссиқ овқат билан таъминлашди. 

Аммо, шунча шароитлар яратиб берганларига қарамай, ўта тушкун, қандайдир сўзлар билан таърифлаб бериб бўлмайдиган нохуш кайфиятда эдик. Президентимиз воқеа жойига келиб, биз каби талофат кўрганларга мурожаат қилиб, сизларнинг ортингизда бағри кенг ўзбек халқи турибди, ҳукумат. давлат, мана мен турибман, хавф бартараф этилмагунча, мен бошчилигимда, ҳеч бир вазир бу ердан кетмаймиз. Хотиржам бўлинглар, уйидан ажраб қолганларга уй қуриб берамиз, молидан ажраб қолганларга мол мол қилиб, боғ-роғ, экин-тикинидан ажраб қолганларга ер берамиз. Ҳатто ишсизларга иш берамиз, кўнгилларинг тўқ бўлсин, деганларидан кейин, шахсан мени, ўйлайманки, мен каби барча эвакуация қилинганларни кайфиятини жудаям кўтарди. Қалбларимизда эртанги кунимизга ишонч, умид, орзу-ҳаваслар пайдо бўлди. Лекин нима бўлганда ҳам бу балони ҳеч кимнинг бошига солмасин...

Дарҳақиқат, халқимиз, ўт балосидан, сув балосидан.., ўзинг асра, деб бежизга айтмаган экан. Ёв босганда қийқириб, қурол-яроғидан ўқ отиб, шовқин солиб (бу ҳам рақибни қўрқитишнинг бир усули), келар экан. Сув тошқини-чи? Бу тилсиз “ёв” индамай, шовқин солмай, бақир-чақир қилмай келар экан. Индамай келганда ҳам огоҳлантирмай, “Фалон-фалон”ингни елкала, “писмадон-писмадон”ингни орқалаб ол, мен бостириб бораяпман!”, демасдан келар экан. Келганда ҳам, тез ва олдидан чиққан тўсиқни бузуб, текислаб, ювиб, нобуд қилиб келар экан.

– Мисқоллаб йиғиб солган уйингни, ботмонлаб ишлаб яратган экин-тикинингу боғ-роғингни, қадоқлаб йиғиб топган мол-мулкинг арзимаган бир неча соат давомида шундай сувга оқизса, кетса.., алам қилар экан, – дейди сув тошқинидан жиддий талофат кўрган Оқолтин тумани Шодлик маҳалла фуқаролар йиғини Бешюз кўчасисида истиқомад қилувчи Наргиза Ўлжаева. – Бундай кунни душманимга ҳам раво кўришни истамас эдим. Лекин Худога минг шукурки, бағри кенг, саховатпеша, меҳридарё халқимизнинг борига минг шукур. Талофат кунининг эртасигаёқ, бутун Ўзбекистон халқи 7 яшаридан 70 ёшгача, кўнглидан чиқариб, хайр-эҳсон жамғариб, эшалон-эшалон қилиб, Сирдарёга жўнатишаяпти. Ҳар бир вилоят, вазирликлар, корхона, ташкилот, муассасалар, хуллас, хайр-саховотдан четда турган юртдошимизни кўрмадик.

Мен Оқолтин туман ахборот-кутубхона марказида библиография раҳбари лавозимида ишлайман. Мени ва Мирзаобод ахборот кутибхона марказида фаолият юритувчи ҳамкасб укамиз Иброҳимжон Эрназаровнинг бошимизга тушган ташвишдан хабар топган Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаева жорий йилнинг 5 май куни Сирдарёга ташриф буюриб, ҳар иккимизни ҳолимиздан хабар олганидан, совға-саломлар қилиб, аҳвол сўраганларидан бошим осмонга етди. Кўрсатган ёрдамларингиз учун ҳаммаларингизга минг раҳмат, асло кам бўлманглар.

Дарҳақиқат, Сирдарё вилоят ахборот кутубхона маркази маъмурияти томонидан, “Сардоба” сув тошқинидан талофат кўрган 2 нафар ҳамкасблари мирзаободлик Иброҳим Эрназаров ҳамда Оқолтин туманидан Наргиза Ўлжаевларга, ҳар ким ўз хоҳишига кўра моддий ёрдам кўрсатиш ташаббусини Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва мамлакатимизнинг барча кутубхона марказлари қўллаб-қувватлади.

– Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча 12 та вилоят ҳамда 186 та туман, шаҳар ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари томонидан сув тошқинидан талофат кўрган 2 нафар ҳамкасбимиз учун хайр-эҳсон ёрдами Тошкент шаҳрида жамғарилиб, Гулистонга жўнатилди, – дейди вилоят ахборот кутубхона маркази директори ўринбосари Акмал Абдураззоқов. – Жамғарилган ушбу моддий ёрдам Мирзаобод ахборот кутубхона марказида фаолият юритувчи Иброҳим Эрназаров ҳамда Оқолтин туман ахборот-кутубхона марказида библиография раҳбари лавозимида меҳнат қилаётган Наргиза Ўлжаеваларга шахсан топширилди.

– 2 нафар талофат кўрган ходимимизни моддий қўллаб-қувватлаш тўғрисида кўтарилган ташаббусимизни бутун республика кутубхоначилари қўллаб-қувватлагани соҳамиз вакилларининг қанчалар ҳамжиҳат, бирдам эканлигини англатади, – дейди Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот кутубхона маркази директори Алижон Бойматов. – Республикамиздаги барча кутубхоначиларга, ўз ҳамкасбларини бошига ташвиш тушган шундай синовли кунларда бир четда қараб турмай, ташлаб қўймай, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмай, баҳоли-қудрат кўрсатган саховатлари учун сирдарёлик барча кутубхоначилар номидан чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. 

Дарҳақиқат, китоб билан ошно бўлганлардан фақат яхши фикр ва ажойиб ғоялар чиқади. Мамлакатимиз кутубхоначиларининг амалга оширган бу саховатлари таҳсинга лойиқ. Бу каби илғор ғоялардан бошқа соҳа вакиллари ҳам ўрнак олиб, қўллаб-қувватлашса ва амалга жорий этишса нур устига аъло нур бўларди.