Сирдарёдаги барча мактабларда таълим сифати ўрганилади
Президентимиз томонидан таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтарилиб, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз томонидан таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтарилиб, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан Сирдарё вилоятини таълим сифати бўйича намунали ҳудудга айлантириш ташаббуси илгари сурилди.
Мазкур вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 2 октябрь куни Сирдарё вилоят ҳокимлигида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раислигида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Ташкенбаев, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Давлат тест маркази директори Мажид Каримов, Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиевлардан иборат Республика ишчи гуруҳининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоятда мавжуд умумий ўрта таълим муассасаларини хатловдан ўтказиш, уларнинг моддий-техника базаси аҳволини ўрганиш, мактаб директорларининг менежерлик қобилиятлари ва билимлари, фан методистлари ва ўқитувчилар ҳамда ўқувчиларнинг билим даражаларини аниқлаган ҳолда вилоят халқ таълими тизимининг бугунги кундаги реал ҳолатини баҳолаш бўйича вазифалар белгиланди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида ўқувчилар билимини синовдан ўтказиш ва мавжуд таълим сифати ҳолатини баҳолаш вазифаси юклатилди.
Маълумки, жорий йилда илк маротаба республикамиздаги мавжуд ўн мингга яқин мактабдан 10 фоизи (956 та) да ўрганишлар ўтказилган ва мактаблар рейтинги эълон қилинган эди. Ушбу жараёнда тўпланган тажриба асосида Сирдарё вилоятидаги барча мактаблардан биттадан 9-синфлар танлаб олиниб, ўқувчилардан она тили фани бўйича диктант ва математика бўйича ёзма ишлар олинади. Мазкур жараённи шаффоф ва объектив ташкил этиш мақсадида Таълим инспекцияси ҳамда тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат 15 та ишчи гуруҳ тузилиб, ҳар бир ўқувчи учун алоҳида синов материаллари тайёрланди.
Бундан ташқари, Сирдарё вилояти педагоглари ўртасида сўровнома ўтказилмоқда. Мазкур сўровнома TALIS-2018 (Teaching and Learning International Survey) саволлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, мактабдаги ўқув муҳити ҳақида ва педагогнинг касбий фаолиятига оид 33 та ижтимоий саволлардан иборат.
3 октябрь куни республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўқувчилар билимини синаш ва педагоглар ўртасида сўровнома ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. 8 кун давом этадиган ўрганишлар жараёнида 15 минг нафарга яқин ўқитувчилар ўртасида сўровнома ўтказиш ва 9-синфлар бўйича мавжуд 299 та умумтаълим мактабларининг 8000 нафарга яқин ўқувчиларнинг билим даражасини аниқлаш режалаштирилган.
Ўрганиш якунида натижалар таҳлил қилинади ва ҳар бир мактаб, туман (шаҳар) ва вилоят миқёсида таълим сифатини ошириш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилади. Шунингдек, мазкур ҳудудда тўпланган тажрибани республика миқёсида оммалаштириш чоралари кўрилади.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Матбуот хизмати.