Сирдарёда тест синовлари 12 кун давом этади
Сирдарё вилоятида пандемия шароитида абитуриентлар учун бўлажак тест синовлари ўтадиган стадионларда олиб бориладиган тайёргарлик кўздан кечирилиб, абитуриентлар учун синов олдидан ўқув-машғулотлар ўтказилди.
Сирдарё вилоятида пандемия шароитида абитуриентлар учун бўлажак тест синовлари ўтадиган стадионларда олиб бориладиган тайёргарлик кўздан кечирилиб, абитуриентлар учун синов олдидан ўқув-машғулотлар ўтказилди.
Сирдарё вилоятидаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида ҳужжат топширган абитуриентлар тест синовларини Гулистон шаҳридаги «Марказий» ҳамда ихтисослашган шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактаби стадионларида топширади.
Ушбу стадионларда тест синовларини ўтказишга тайёргарлик жараёни билан танишиш мақсадида ўйингоҳларда бўлдик. Мазкур футбол майдонларининг ҳар иккисида тест синовларини ўтказиш учун барча зарур шароит ва чора-тадбирлар кўрилган.

Давлат тест маркази вилоят бўлимидан олган маълумотга кўра, Сирдарё вилоятида тест синовларини 12 кунда ниҳоясига етказиш режалаштирилган.
– Вилоят марказидаги «Марказий» ҳамда ихтисослашган шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактаби стадионларида тест синовлари бир кунда 2 маротаба, эрталаб ва кечқурун ўтказилади, – дейди Давлат тест маркази Сирдарё вилояти бўлими бош мутахассиси Ж.Мамаражабов. – Вилоятдаги 2 та олий таълим муассасасига 49 минг 300 нафардан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган. Ҳар куни 4 минг 100 – 4 минг 200 нафар абитуриент ҳар бирида 30 нафардан 1640 дан ортиқ абитуриентлар гуруҳлари 12 кун давомида тест синовларини топширади.
Уларнинг коронавирус пандемиясидан ҳимоя талаблари асосида тест топширишлари учун барча шароитлар яратилди. Қолаверса об-ҳаво ҳам эътиборга олиниб, дейлик, ноқулайлик туғилмаслиги учун абитуриент столлари қуёш нури йўналишига тескари ҳолатда жойлаштирилди. Шу ўринда эслатиш лозимки, гидрометеорология марказининг аниқ маълумоти асосида ноқулай об-ҳаво (масалан, ёмғир, жала) кутилган кундаги имтиҳонлар жадвал охиридан кейинги кунга кўчирилади. Ва бу ҳақда шу куни тест топшириши керак бўлган абитуриентларга СМС хабарлар орқали маълум қилинади.

Очиқ осмон остида ўтказиладиган тест синовлари олдидан шаҳардаги «Марказий» ўйингоҳда абитуриентлар учун ўқув-машғулотлари ўтказилди. Унда худди тест синовлари куни бўладигандек ҳар бир абитуриентнинг аввало ҳарорати ўлчанди, дезинфекция тунелидан ўтди, назорат постида текширилди. Бундан ташқари, уларга тиббий қўлқоп ва ниқоблар тарқатилди ва тест синовлари билан боғлиқ бошқа жараёнлар бўйича ҳам барча зарур кўникмалар амалга оширилди.
Бўлажак тест синовлари олдидан ўтказилган ушбу ўқув-машғулоти абитуриентлар учун имтиҳон кунлари ноқулай сезмасликлари учун муҳим аҳамият касб этди.