English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилоятида “Тадбиркор – бунёдкор” кўргазмаси бўлиб ўтди
13:00 / 2017-02-21

Унда Тошкент шаҳри ҳамда Сирдарё вилоятидан кичик бизнес ва ишлаб чиқариш корхоналари учун янги технологиялар етказиб берувчи 30 дан ортиқ корхона ва савдо уйи қатнашди.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида “Тадбиркор – бунёдкор” деб номланган кўргазма ташкил этилди.

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, тижорат банклари вакиллари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.

Унда Тошкент шаҳри ҳамда Сирдарё вилоятидан кичик бизнес ва ишлаб чиқариш корхоналари учун янги технологиялар етказиб берувчи 30 дан ортиқ корхона ва савдо уйи 150 дан зиёд турдаги ускуна ва жиҳозлар билан қатнашди.

– Кўргазма кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, эскпортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Эшматов. – “Gulshana textile invest”, “Vinks”, “Milk tex profi”, “Баҳромжон нур савдо”, “Сирдарё момиқ қуёнлари” ва бошқа корхоналар, савдо уйлари, фермер хўжаликлари томонидан таклиф этилган маҳсулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. “Машҳура” ва “Элегант” ўқув марказлари томонидан пазандалик, қандолатчилик, сартарошлик, тикувчилик ускуна ва жиҳозларидан фойдаланиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Тадбир давомида ускуна ва жиҳозлар харид қилиш бўйича кўплаб шартномалар имзоланди.

– Бир неча йил илгари нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цех ташкил этган эдик, – дейди Ховос туманидан тадбиркор Ш.Шерқўзиев. – Цехдаги ускуналар эскирди. Кўргазмада таклиф этилган нон, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган, писта қадоқлайдиган замонавий технологиялар бизга жуда маъқул келди. Сотиб олиш бўйича шартнома имзоладик. Бу ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини янада ошириш билан бирга, яна 10 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.