Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти ҳокими: Ҳассанинг нақадар суянчиқ эканлигини ўз бошимдан яна бир бор ўтказдим
17:25 / 2019-10-01

Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Гулистон шаҳар Марказий сайилгоҳида вилоятнинг кекса-ю ёш юзлаб ўқитувчиларига ош тарқатилди.


Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Гулистон шаҳар Марказий сайилгоҳида вилоятнинг кекса-ю ёш юзлаб ўқитувчиларига ош тарқатилди.

Столда бир қанча орден ва медаллар таққан нуроний отахон ўтирар эди. Байрам тадбири бўлганлиги учун ҳамманинг кайфияти чоғ, димоғи баланд эди. Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бир отахонга нақшинкор ва бежирим ҳасса туҳфа қилди. Ҳасса ҳунармандчилик санъатининг энг гўзал намунаси эди.

– Ий-е, ҳали ҳам эсингиздами? – деди отахон қувонч билан ҳассани қўлига олар экан.

– Кинода айтади-ку, "Чинганчук битта гапиради", деб. – деди Ғофуржон Мирзаев. Ўтирганлар яйраб кулишди.

– Мен ўн ёшга кирганимда отам вафот этганлар, – деди бироз фурсатдан сўнг Ғофуржон Ғаниевич. – Отам уруш қатнашчиси эди. Кўкрагида ўқ қолиб кетган эди. Отам кўчага чиқмоқчи бўлсалар дарров ҳассасини топиб берар эдим. Ҳасса бўлмаса, йўлда тез чарчаб қолар эди. Ҳасса билан кўчаларни анча айланар эдик. Болалигимдаги бу таассуротлар ширин хотира бўлиб, бир умр юрагимда қолиб кетган. Кейинчалик ўзим ҳам афғон урушида қатнашдим. Оёғимдан ўқ едим ва бир муддат ҳассага таяниб юрдим. Ҳассанинг нақадар суянчиқ эканлигини ўз бошимдан яна бир бор ўтказдим. Ҳозир уйимнинг тўрида бир ҳасса бор. Бу бобомнинг ҳассаси. Бобом бир 114 ёшга кириб вафот этди. Бобом ҳассага суяниб, шаҳар айланарди. Бир куни бобомга: "Бобожон, шу ҳассангизни менга беринг, сизга гужумдан бўлган дунёдаги энг бақувват ва энг чиройли ҳассани олиб келдим", дедим ва ҳассасини эсдаликка олдим. Ҳозир шу ҳасса уйимнинг тўрида осиғлиқ турибди. Тагига: “Бугунги туфлингга ишониб, кечаги чориғингни унутма!” дея ёзиб қўйганман. Бугун ҳассага таянганларга мадад бўлсак, эртага ҳассага таянганимизда Худо бизга мададкор бўлади.

Орага тушган бироз жимликдан сўнг ҳалиги отахон дуога қўл чўзди: "Илоҳо, сиз ҳам бобонгиз сингари бир юз ўн тўртга кириб юринг, бизнинг қилган дуоларимиз ҳамиша қаддингизни ва қадрингизни баланд кўтариб юрсин!"

Даврадагилар дуога қўл кўтарди.

Муҳаммад ИСМОИЛ,
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори