СИРДАРЁ: Талафот кўрган 10 та аҳоли пункти тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди
“Сардоба” сув омборидаги ўпирилиш натижасида юзага келган сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлар қайта жонланмоқда, ҳудудлар тозаланиб, ҳаёт ўз ўзанига қайтаётир.
“Сардоба” сув омборидаги ўпирилиш натижасида юзага келган сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлар қайта жонланмоқда, ҳудудлар тозаланиб, ҳаёт ўз ўзанига қайтаётир.
Ҳукумат комиссияси томонидан кўрилаётган тезкор чоралар натижасида вилоятнинг тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги бир қатор жиддий зарар кўрган маҳаллаларда амалга оширилаётган эзгу ва савобли ишлар ижобий бўй кўрсатаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Айни дамда “Сардоба сув омбори” билан боғлиқ фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда бошқа ташкилотларнинг куч ва воситалари томонидан ишлар жадал олиб борилмоқда.
Сув тошқинидан ҳосил бўлган лой ва бошқа чиқиндилардан тозалаш, йўл жиҳозларини қайта тиклаш учун қурилиш соҳасидан 175 техника ҳамда 416 нафар йўлсоз жалб қилинган ҳолда катта миқдордаги қум-шағал аралашмаси билан йўл асоси тикланмоқда.
Сув тошқини зарар етказган ҳудуддаги жами 24 кўприкда диагностика ишлари амалга оширилиб, таҳлил натижаларини олиш учун лабораторияга тақдим этилди.
Тошқин натижасида зарар кўрган электр, газ ва сув тармоқлари қайта тикланмоқда.
Таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун 51 та таъмирлаш бригадасидан 300 яқин малакали соҳа ходимлари, 32 та махсус ва 60 та хизмат автомашинаси жалб қилинди. 2 та подстанция, 78 та трансформатор пункти ва 254,1 километр электр узатиш тармоқлари, 4 минг 619 та электр устунларини таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланди.
Натижада электр таъминоти узилган 7 минг 987 аҳоли хонадонларидан 7 минг 388 таси тўлиқ электр энергия билан таъминланди. Талафот кўрган 12 та аҳоли пунктидан 10 таси тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди. Электр тармоқларини тиклаш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 11 та аҳоли пунктида 66 километр газ қувури, 47 дона газ тақсимлаш қурилмаси ҳамда 7 минг 550 дона маиший газ баллонларига зарар етган. Бунинг оқибатларини бартараф этиш учун 50 нафар ходим ва мутахассис, 45 та автотранспорт воситаси жалб қилинган.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 11 та аҳоли пунктида 66 километр газ қувури, 47 дона газ тақсимлаш қурилмаси ҳамда 7 минг 550 дона маиший газ баллонларига зарар етган. Бунинг оқибатларини бартараф этиш учун 50 нафар ходим ва мутахассис, 45 та автотранспорт воситаси жалб қилинган.
Бундан ташқари, ҳудудларни кўлмак сувдан тозалаш мақсадида 83 та сув тортиш насоси харид қилиниб, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига топширилган. 19 та аҳоли пунктига доимий равишда 37 та махсус сув ташиш машинаси орқали ичимлик сувини етказиб бериш йўлга қўйилган.
Оқолтин тумани “Саховат” маҳалласидаги 2 дона оқава сув иншоотининг 3 дона насоси таъмирланиб, жойига ўрнатилди. Ҳудудда оқава сув тизими мунтазам ишлаб турибди.
Тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари қизғин ва жадал суръатларда олиб борилмоқда.