Синхрон сузиш: Қитъа чемпионатида яна бир медаль қўлга киритилди
Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида 25 та давлатнинг минг нафардан зиёд спортчилари иштирокида сув спорти турлари бўйича Осиё чемпионати ўтказилмоқда. Мусобақанинг синхрон сузиш баҳсларида ҳамюртимиз муваффақиятга эришди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сабина Маҳмудова эркин соло дастурида бронза медалига сазовор бўлди. Ҳамюртимизнинг ҳаракатларига ҳакамлар 184,4525 балл тақдим этишди.
Айтиш лозим, С.Маҳмудова бир кун муқаддам чемпионатнинг техник соло дастурида кумуш медалга сазовор бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионатининг синхрон сузиш йўналишида терма жамоамизнинг умумий медаллари сони 4 тага етди.
Чемпионатнинг синхрон сузиш баҳслари бугун якунланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА