English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Синтетик гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйилди
14:16 / 2025-12-12

Ўзбекистон Республикаси божхона органлари томонидан наркотик воситалар, жумладан синтетик гиёҳвандлик моддалари ва кучли таъсир қилувчи доривор воситаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича навбатдаги тезкор тадбирлар амалга оширилди. Ушбу тадбирлар доирасида бир нечта жиддий қонунбузарлик ҳолатларига чек қўйилди.

Пойтахт божхоначилари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган икки нафар шахс тўхтатилиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда кўрик ўтказилди. Кўрик давомида шулардан бирининг ён сумкасидан “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.  

Тезкор ҳаракатлар давом эттирилиб, улар билан боғлиқ яна бир фуқаронинг вақтинча яшаш манзили кўздан кечирилди. Кўрик жараёнида, даҳлиздаги куртка чўнтагидан 10 дона “Regapen” кучли таъсир қилувчи дори воситаси, ошхона столида esa “мефедрон” моддаси топилди. Шунингдек, Юқоричирчиқ туманида давом этган тезкор тадбирда ушбу шахсларга тегишли яна бир уйдан 706 дона “Regapen” препаратининг ноқонуний сақланаётгани фош этилди.

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона постида кириб келган қўшни давлат фуқароси шубҳа асосида тўхтатилди. Шахсий кўрик вақтида у ички кийимига яширилган ҳолда, 8 дона “Tropikamid” кучли таъсир қилувчи дори воситасини ноқонуний олиб киришга урингани аниқланди.  

Тошкент халқаро аэропорти божхона пости ходимлари эса Санкт-Петербургдан келган йўловчилар орасида қонунбузарликни қайд этди. “Яшил” йўлакдан ўтишга уринган фуқаронинг қўл сумкасидан, таркиби кучли таъсир қилувчи моддаларни ўз ичига олган 5 қути “Androgel” дори воситаси топилди.

Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан белгиланган тартибда жиноят ишлари қўзғатилди. Тезкор тадбирлар давом этмоқда.

Ш.Маматуропова,

ЎзА