Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси махсус қутқарув отрядида қутқарувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга қаратилган кундузги ва кечки ўқув машғулотлари изчил равишда ўтказилмоқда.
Машғулотлар жараёнида шахсий таркиб жисмоний чидамлиликни ошириш, махсус техника ва асбоб-ускуналардан тўғри ҳамда самарали фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Айниқса, турли мураккаб ва экстремал шароитларни ифода этувчи амалий машқлар қутқарувчиларнинг касбий тайёргарлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.


Кундузги машғулотларда аниқ ҳаракатлар ва ҳамжиҳатликка эътибор қаратилса, кечки ўқувлар қоронғу ва чекланган кўриниш шароитида иш олиб бориш кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган. Бу эса реал фавқулодда вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур ўқув машғулотлари фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, улар содир бўлган тақдирда эса инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва оқибатларни қисқа фурсатда бартараф этишда қутқарув хизматлари фаолияти самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири