Синовли кунларда ўқитувчиларинг қадри ва фидойилиги янада билинмоқда
Биламизки, кўплаб ривожланган давлатларда ўқитувчилик энг обрўли касблардан бири ҳисобланади.
Биламизки, кўплаб ривожланган давлатларда ўқитувчилик энг обрўли касблардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам ўқитувчининг нуфузини ошириш ва энг обрўли касблардан бирига айлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланди.
Бу бежизга эмаслиги яна бир бора ўз исботини топди. Бугунги синовли кунларда, карантин даврида ўқитувчилар тиним билмасдан масофавий тарзда ўз ўқувчилари билан ишлашмоқда.
Фидойи меҳнат қилаётган ўқитувчилар шарофати билан фарзандларимиз телевидение орқали видеодарсларни кузатиб, билим олишмоқда.
Шунингдек, фарзандларимиз ҳар куни ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали ўзларининг устозлари билан мулоқот қилишмоқда. Педагоглар ўқувчиларининг видеодарсларни кузатишларини назорат қилиш баробарида ҳар бир ўқувчи билан қўшимча иш олиб бориб, вазифалар беришмоқда. Ўқувчилари уйида бажарган топшириқларни интернет орқали олиб текшириб боришмоқда.
Шу ўринда ҳозирги уйда пайтимизда кўзимиз ўнгидаги ўқитувчиларнинг меҳнати ҳақида тўхталмоқчимиз.
Одатда кунига 4-5 та фан ўтилади. Синфда 30-35 нафар атрофида ўқувчи бор. Уларнинг ҳар бири 4-5 та фандан тайёрлаган вазифасини жўнатишади, видеодарсда тушунмаган жойларини устозидан сўрашади.
Бошланғич синфларда аксарият дарслар бир ўқитувчи томонидан ташкил этилади ва улар бир вақтнинг ўзида бир нечта фан бўйича таълим беришади.
Катта синфларда фанлар бўйича ўқитувчилар алоҳида ҳисобланса-да, синфлар сони кўп. Бу дегани бир ўқитувчининг дарс ўтадиган синфлари бўйича ҳар бирида 30-35 нафар ўқувчидан иборат алоҳида телеграм гуруҳлари мавжуд бўлиб, шу каби воситалардан унумли фойдаланган ҳолда улар билан дарс қилишмоқда.
Бир кунлик фаолиятни ўйлаб кўринг, ўқитувчи нечта ўқувчи билан мулоқот қилади ва уларга тушунтириш беради.
Кўриниб турибдики ўқитувчининг деярли бутун куни ўқувчилари билан ўтмоқда.
Масофавий таълим оддий дарс ўтиш тарзидан анча мураккаб ва у кун давомида, гоҳида кечки пайтда ҳам ўқитувчиларни ўқувчига боғлаб қўймоқда.
Кўп йиллар давомида афсуски, халқ таълими тизимига текин ишчи кучидек қараб келинган ва мактаб таълими тизими иккинчи даражага ўтиб қолган эди.
Ҳозирда мактабдаги ҳар қандай ортиқча мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, қоғозбозликни камайтириш, қўшимча педагогик юкламалар тартибга солиш ва имкон борича ўқитувчиларга шароит яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеи ва нуфузи ошмоқда.
Умид қиламизки, ҳозирги синовли кунларда ўқитувчиларнинг фидойи меҳнатлари бундан-да юқори қадр топади. Жамият томонидан доимий эътирофда бўлади.
Азиз устозлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик ва масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайди.