Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Синов тариқасида 10 та ОТМ мустақил молиялаштириш тизимига ўтказилди
09:39 / 2020-01-21

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.


Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда агентлик расмий сайти хабар бермоқда. 

Анжуманда маълум қилинишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт, Тошкент давлат юридик, Урганч давлат ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетлари, Самарқанд давлат чет тиллар, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис, Тошкент молия, Тошкент давлат шарқшунослик, Тошкент фармацевтика ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтлари тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган.

– Ўзини ўзи молиялаштиришга ўтадиган ОТМларига таълим бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда ҳамда муассасанинг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олиб янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари ва тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилади, – деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов. – Мустақил молиялаштириш тизимига ўтадиган олий таълим муассасаларида давлат гранти ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш давом этади. Бу эса қабул квоталарини нафақат сақлаб қолиш, балки уларни ошириш имконини беради.

Таъкидланишича, ўз-ўзини молиялаштириш тизимини жорий этилиши олий таълимнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва бюджет маблағларининг ажратилишини камайтирмайди, аксинча ҳукумат иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлашда инвестор бўлиб қолади.

Шунингдек, ОТМларига ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини, китоблар, журналлар, ўқув адабиётларини харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш ҳуқуқи берилади.

Ушбу имкониятлар олий таълим тизими ходимлари нуфузини оширишга, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш орқали ОТМларига ёш иқтидорли ва истиқболли мутахассисларни жалб этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини вужудга келтиришга хизмат қилади.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашевнинг сўзларига кўра, янги тизимга ўтаётган ОТМларида тўлов-контракт нархларининг кескин ошиб кетмаслиги, қўшимча маблағ топиш мақсадида мавжуд имкониятларга зид равишда ортиқча қабулнинг амалга оширилмаслиги, энг муҳими соҳада коррупцияга йўл қўймаслик учун мазкур 10 та ОТМдаги ўқув жараёнлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қатъий назоратга олинади.