Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Синьхуа” ахборот агентлиги
15:49 / 2019-10-21

Синьхуа хитой тилида янги Хитой деган маънони англатади.


Дунё ахборот агентликлари 

Синьхуа хитой тилида янги Хитой деган маънони англатади. Демак, Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг бош расмий ахборот агентлиги шу ном билан юритилади. Агентлик мамлакатда матбуот анжуманлари ўтказиладиган энг йирик марказ ҳисобланади.

“Синьхуа” ахборот агентлиги Хитой Халқ Республикасининг оммавий ахборот воситалари, матбуот, радиоэшиттиришлар, кинематография ва телевидение бўйича Бош давлат бошқармасига қарайди. Унинг хinhuanet.com номли сайти бор. Бош биноси Пекинда жойлашган агентлик тўғридан-тўғри ХХР Давлат Кенгашига бўйсунади.

Ахборот агентлиги 1931 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилган бўлиб, дастлаб у биздаги “Қизил Ўзбекистон” газетасига ўхшаб Хитойнинг “Қизил ахборот агентлиги” деб юритилган. 1937 йилдан бошлаб ҳозирги номи билан аталади. “Синьхуа” ахборот агентлиги 1944 йилдан инглиз тилида халқаро мавзуидаги материаллар тайёрлаб тарқата бошлади. 

Ҳозирги кунда “Синьхуа” ўз янгиликларини Осиё, Яқин Шарқ, Лотин Америкаси ва Африка давлатларига тарқатмоқда. Агентликнинг жаҳонда 100 дан ортиқ филиали бор. Филиалларидаги мухбирлар дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни хитой, инглиз, француз, рус, испан, араб ва япон тилларида тарқатади. Шунингдек, алоҳида тайёрланадиган янгиликлар лентаси орқали муҳим воқеаларни 9 тилда бутун дунёга етказиб беради.

Хитой Халқ Республикаси ҳудудида “Синхуа” агентлигининг 33 мухбирлар бюроси ишлаб турибди. Агентликнинг алоҳида ҳарбий бюроси ҳам мавжуд. Бундан ташқари мамлакатнинг турли минтақаларида ўзининг 170 га яқин бўлимлари бор. Дунёнинг турли бурчакларида “Синхуа” ахборот агентлигининг 2 минг 500 дан ортиқ ўз мухбирлари, фотосуратчилари ва операторлари фаолият кўрсатади.

2007 йилдан “Синхуа” ахборот агентлигининг расмий сайти ишлай бошлади. 2009 йилда хорижий аудиторияга мўлжалланган CNC (“China Network Corporation”) телетармоғига асос солинди. 2010 йилдаги маълумотга кўра агентликда 13 мингга яқин ходим меҳнат қилади. “Синхуа” ахборот агентлиги мамлакатдаги энг нуфузли: “Xinhua Daily Telegraph” ва “The Outlook” журналлари каби мавзу ва йўналишларда турлича бўлган 20 дан ортиқ га¬зета ва журналларни чоп этади. 
ХХI асрдан бошлаб агентлик ахборот тарқатишнинг замонавий мултимедия форматига ўтмоқда ва бутун дунёда ўз аудиторясини кенгайтиришга ҳаракат қилаяпти.

“Мустақил Ўзбекистон Республикаси” пайдо бўлганлиги ҳақидаги ахборотни биринчи бўлиб Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бутун дунёга тарқатганидек, жаҳонда янги номдаги давлат – Хитой Халқ Республикаси пайдо бўлганлиги ҳақидаги ахборотни “Синхуа” ахборот агентлиги 1949 йили биринчи бўлиб хабар берди. “Синхуа” ўз буюртмачиларига 50 турдаги махсулот: матн, фото, аудио, видео, графика шаклидаги материалларини етказиб беради.

“Синьхуа” ахборот агентлиги тижорий ва бепул-беминнат ахборот алмашиш бўйича дунёнинг 100 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари билан битимлар имзолаган.

Агентлик Хитойдаги энг йирик фотосуратлар архивига эга. Унинг коллекциясида 2 миллион ноёб тарихий фотосуратлар сақланмоқда. Уларнинг энг қадимгиси ХIХ аср охирида Цин династияси даврида суратга туширилган. “Синхуа” кўплаб халқаро янгиликлар ташкилотларининг аъзоси ҳамдир.

“Синьхуа” ахборот агентлиги Хитой медиаиндустриясида энг катта, энг бой ва бир нечта тилларда сақланаётган ахборот банкига эга. 2013 йили бу рақам 120 миллион ахборот, маълумот матнидан, 19 миллион фотосурат ва графикадан, 650 минг телеахборот дастурларидан иборат. Агентлик банки ахборотлари узлуксиз суръатда янгиланиб туради ва буюртмачи истаган вақтда етказиб берилади.

Агентликнинг Пекиндаги марказий офисида 1 минг 300 киши ишлайди, провинциялардаги бўлимларда 400 киши, шунингдек, мамлакатнинг турли бурчакларида тўла иш ставкасида бўлмаган ходимлари фаолият кўрсатади.

Агентликнинг радиоэшиттириш хизмати кунига эфирга 30 минг сўздан иборат умумдавлат миллий ва маҳаллий янгиликлар ва яна шунча чет эл янгиликларини бериб боради. Хорижий давлатларга янгиликлар инглиз ва рус тилларида етказиб берилади. Агентлик бундан ташқари, 6 миллион нусхада 4 саҳифадан иборат янгиликлар бюллетенини чоп этади. Бюллетень савдога чиқарилмай фақат вазирликлар, идоралар, мамлакат маъмурий марказларидаги давлат хизматчиларига тарқатилади.

Агентлик шу кундаги энг замонавий фан тармоғи бўлган – сунъий интеллектли виртуал персонажни яратиш, кўз олдимизда намоён бўлаётган бу мўъжизани кашф этиш бўйича тажрибалар ўтказиш ва синов майдонига ҳам айланди. Агентлик дунёда биринчи виртуал телебошловчини намойиш этди.

Сунъий телебошловчи янгиликларни инглиз ва хитой тилларида ўқиш қобилиятига эга. Ташқи кўриниши инсонга ўхшаган бу виртуал телебошловчиларнинг юз, кўз, лаб ҳаракатлари камроқ бўлса ҳам уларни атрофингиздаги кишилардан ажратиб бўлмайди.

Шундай қилиб инглиз тилида гапирадиган маош олмайдиган, эрта келиб кеч уйига қайтиб кетмайдиган, кунига 24 соат ишлай оладиган, таътил, нафақа талаб қилмайдиган “Синьхуа” агентлигининг келишган, хушбичим ва арзон телебошловчиси пайдо бўлди. Виртуал телебошловчининг ташқи қиёфаси ҳаётда бор бўлган реал инсон – Хитой телевидениесининг телебошловчи Чжан Чжаонинг қиёфасидан олинган.

У эфирда, экранда тажрибали телесухандонлардан қолишмай маҳорат билан матн ўқийди. Айтгандек, унинг овозини ҳам истаган диапозонда йўғон, ингичка, паст, баланд қилиб бериш мумкин. 

Сунъий интеллектли телебошловчи телевидение дастурида секин-аста сухандонлар қаторидан ўрин эгаллай бошлади ҳам. Уни телевидениеда, интернет веб-сайтларида янгиликларни олиб бориш бўйича навбатга қўйишмоқда. Виртуал бошловчи теледастурларни тайёрлашга кетадиган харажатларини камайтириб, янгиликлар ҳажми, самарасини оширмоқда. Қизиғи ва ҳайратланадиган томони шундаки, у ўзини-ўзи кузатиб боради. Виртуал бошловчи сухандонлар олдига қўйилган юксак талаблар асосида ўзини назорат ҳам қилади. Хатоларини бир йўла эфирда тузата оладиган сунъий интеллектли телебошловчи ўзини танқид қилиб, “матнлар бир оҳангда ўқилмоқда”, “инсонга хос бўлган табиийлик йўқ”, “юз, кўз, қўл ҳаракатлари кам” эканлигини қайд қилиб турибди. Камчиликларни сезиб, таҳлил қилиб, уларни ўзи тўғрилай олмай: “технология ҳали мукаммал эмас”, деб хулоса чиқармоқда.