Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича махсус марказ ҳар бир деҳқонга, ҳар бир томорқачига жуда керак
Президентимиз ташаббусларига кўра қабул қилинган оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурининг ижроси жойларда ўзининг дастлабки меваларини бера бошлади.
Президентимиз ташаббусларига кўра қабул қилинган оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурининг ижроси жойларда ўзининг дастлабки меваларини бера бошлади.
Самарқанд вилояти Жомбой туманида ўтган йил мингга яқин оилаларга туман молия бўлими мутахассисларининг кўмаги билан турли жамғармалар ҳисобидан (жами 20 миллиард 40 миллион сўм)банклар орқали микрокредитлар ажратиб берилган эди. Бу маблағ ҳисобидан кимдир ўз ҳовлисида паррандалару қорамоллар, қўй-эчкилар боқишга киришди, яна кимдир тикувчиликка қўл урди. 371 киши эса ўз бизнес лойиҳасида кўрсатилганидек, кичик иссиқхоналар ташкил этиб қишин-ёзин турли нозу неъматлар етиштиришга киришди. Даромад қандай дерсиз? Бу ҳақда туманнинг Нўш қишлоғида яшовчи Умид Бозорбоев шундай дейди.

–Илгари помидор, бодрингни бозордан сотиб олардим, ҳозир ўзим сотаяпман. Дастурхоним ҳам тўкин. Шу боис ҳовлингизда иссиқхона очинг, деб айтган туман молия бўлимида ишлайдиган укамиз Воҳиджонга катта раҳмат дедим. Сиз кўриб турган бодрингни бир карра ҳосилини териб олдик. Барглари озгина сарғайган, намлик кўпайиб кетди-да, мутахассисдан сўрасам, иссиқхонани устини очиб, шамоллатинг, офтоб тушсин, сўнг дориси бор, бераман, деди. Очиғи, карантин пайти бекор ўтирмай шу тариқа тажрибамиз ортаяпти, – дейди кредитдан самарали фойдаланиб қаддини тиклаб олган томорқачи. – Келгусида иссиқхонани тўрт сотихга кенгайтиришни, 500 бош бройлер жўжа боқишни, энг муҳими ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича махсус марказ очишни кўзлаяпман. Чунки бу тизим ҳар бир деҳқонга, ҳар бир томорқачига жуда керак. Қишлоқ хўжалигида ўсимликни ҳашароту касалликдан ҳимоя қилмай туриб натижа кутиш телбалик. Буни ўз фаолиятимда кўриб турибман. Қарзни қайтаринг яна кўпроқ кредит берамиз, дейишаяпти. Бу таклиф бизга маъқул бўлди. Негаки иссиқхонамдаги бодринг ҳосилини олгач, ўрнига помидор экиб қишгача сотсам, қарз буткул қопланиб фойдага ҳам чиқаман. Хуллас ниятлар бир олам. Бизга кўмаклашганни Яратганнинг ўзи сийласин.
– Аҳоли даромадини ошириш масаласи вилоят молия бошқармаси бошлиғининг доимий эътиборида. Ҳар бир йиғилишда оилавий тадбиркорликка йўналтирилган маблағлар самарадорлиги тилга олинади. Шу боис туманимиздаги 38 та маҳаллалар раисларию фаоллари билан доимо эл орасидамиз. Микрокредит олган, ўз бизнесини ташкил этган кишининг дарду-ташвишига шерикмиз. Умид акага ўхшаган натижа билан ишлаётган одамларни кўрганда эса беҳад хурсанд бўламиз, – дейди Жомбой туман молия бўлими оилавий тадбиркорликни ривожлантириш шўъбаси мудири Воҳиджон Усмонов. – Агар маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак шу йил бошидан буён Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури бўйича 12239,0 миллион сўм, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 700 миллион сўм, Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш дастури бўйича 677 миллион сўм, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 286 миллион сўм, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат жамғармаси ҳисобидан 120 миллион сўм, «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси ҳисобидан 1809 миллион сўмнинг сўндириладиган қисмидан ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича устувор равишда ваколатли банклар орқали аҳолига микрокредитлар берилмоқда. Бу кредитларни тўғри ва самарали йўналтириш эса туманимиз аҳолисининг янада фаровон яшашини, оилалар даромадининг кўпайишини таъминлайди. Бугунги саъй-харакатларимиз ана шу эзгу мақсадга йўналтирилган.
Набижон Эргашев