Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўсимликлар учун янги ўғит
11:40 / 2015-11-11

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида миллий инновацион ишланма – қишлоқ хўжалигида кенг қўллаш учун мўлжалланган “Uzgumi” биоўғитидан фойдаланишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида миллий инновацион ишланма – қишлоқ хўжалигида кенг қўллаш учун мўлжалланган “Uzgumi” биоўғитидан фойдаланишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Иқтисодиёт вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Ўзбекистон фермерлари кенгаши мутахассислари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари олимлари, БМТ Тараққиёт дастури ва Халқаро молия корпорацияси вакиллари иштирок этди.

Илмий-амалий семинарни ўтказишдан кўзланган мақсад мамлакатимизда ишлаб чиқилган “Uzgumi” биоўғитини қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қўллаш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда кимё саноатини изчил ривожлантириш, корхоналар қувватларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги учун турли кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Агросаноат комплексининг минерал ўғитларга бўлган эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқариладиган ва ўсимликларнинг ўсишини тезлаштирадиган, ҳосилдорлигини, турли касалликлар ва совуққа чидамлилигини оширадиган янги турдаги ўғит ва биостимуляторлар яратилмоқда. “Uzgumi” биоўғити шундай ишланмалардан биридир.

“TBS Group” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқилган ушбу препарат ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишини тезлаштириш, бошоқ ва меваларнинг етилиши муддатини қисқартириш имконини беради. Айни пайтда биоўғит мамлакатимиздаги олтита илмий-тадқиқот институтида синовдан ўтказилди. Ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий-тадқиқот институти томонидан Андижон ва Тошкент вилоятларида бир неча назорат тадқиқотлари олиб борилди. Ҳар бир вилоятда танлаб олинган экин майдонида “Uzgumi” биоўғити синаб кўрилди. Бунинг самарасида Андижон вилоятида кузги буғдой етти кун ва Тошкент вилоятида тўққиз кун эрта пишди. Бундан ташқари, ҳосилдорлик кўрсаткичлари ҳам ошди.

– “Мададбек” фермер хўжалигимиз Қибрай туманида жойлашган, – дейди фермер М.Бобоқулов. – 50 гектар майдонда турли дон, полиз ва дуккакли экинлар етиштирамиз. Икки йил авввал “Uzgumi” биоўғитини қўллашни бошлаган эдик. Бунинг самарасида ҳосилдорлик кўрсаткичини ошириш, қишлоқ хўжалиги экинлари ўсиши ва ривожланишини тезлаштиришга эришмоқдамиз.

Тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасида “Uzgumi” биоўғитини қўллашни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.