Ўсимликлар клиникаси: амалиёт ва самара
Андижонда вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг жорий йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Андижонда вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг жорий йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, инспекция мутасаддилари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ўсимликлар карантини, хусусан, озиқ-овқат, экин майдонлари хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Анжуманда Андижон вилояти ўсимликлар карантини инспекцияси ва унинг туман, шаҳар тизимларида жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида экспорт маҳсулотлари ва импорт товарларни карантин назоратидан ўтказиш бўйича зарур ишлар олиб борилди, – дейди Андижон вилояти ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбари Абдукарим Жалилов. – Жумладан, чегара постларида фаолият юритаётган ўсимликлар карантини чегара масканларида юртимиздан чиқиб кетаётган 79 минг 216,2 тонна экспорт қилинган, 28 минг 402,9 тонна импорт қилинган озиқ-овқат, саноат ва бошқа турдаги маҳсулотлар учун халқаро намунадаги фитосанитар сертификатлари белгиланган тартибда расмийлаштириб берилди. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида фаолиятимиз кучайтирилган тартибда олиб борилди. Сифатсиз маҳсулотларни айланишига асло йўл қўйилмади.

Инспекция мутахассислари томонидан “даладан – экспортгача” тамойили асосида етиштирилаётган мева ва сабзавотлар, қишлоқ хўжалиги экинларини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Хусусан, мазкур соҳада ҳудудий инспекторлар томонидан 15 минг 579 дона далолатномалар тузилди.
Вилоятдаги ҳар бир туманда ўсимликлар клиникалари ташкил этилган бўлиб, айни кунда карантиндаги ва бошқа зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларга қарши кураш олиб борувчи 16 та ана шундай клиника самарали фаолият юритмоқда.

Анжуманда Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Инспекция томонидан экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мутахассисларига халқаро стандартлар ва импорт қилувчи давлатларнинг фитосанитар талаблари ҳақида билим ва маълумотлар бериш бўйича мунтазам равишда махсус ўқув курслари ташкил этилди.

Юқорида қайд этилган ҳужжатда ўсимликлар карантини илмий маркази негизида ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот марказини, хусусан, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида марказнинг замонавий лабораторияларга эга минтақавий филиалини ташкил этиш белгиланган. Анжуманда минтақавий филиални ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Иштирокчилар Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида мазкур йўналишда иш олиб бораётган лаборатория фаолияти, шунингдек, келгусида институт билан ҳамкорликда замонавий лабораторияни ташкил этиш бўйича мутахассисларнинг фикр ва мулоҳазалари билан танишилди.
Анжуманда мурожаатлар билан ишлаш, тарғибот ишларини ташкил этиш ва бошқа қатор йўналишларда олиб борилган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.