Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича ўтказилаётган “Silk Road to Tokyo” халқаро турнирида илк ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди. Қувонарлиси, улар орасида бир қатор спортчиларимиз ҳам ўрин олди.
Жумладан, эркаклар ўртасида босқон улоқтириш баҳсида Суҳроб Хўжаев бронза, медалига сазовор бўлди. Қизлар орасидаги ушбу йўналишда Малика Насриддинова олтин, Юлия Шукина кумуш ва Паризод Абдуллаева бронза медалини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида 110 метрга тўсиқллар оша югуришда Эргаш Нормуродов маррага учинчи бўлиб етиб келган бўлса, аёллар тоифасида 100 метрга тўсиқлар оша югуришда Нигинабону Ражабова биринчи ва Шаҳризода Қодирова учинчи ўринни эгаллади. Аёллар ўртасидаги 400 метрга югуриш бўйича финал баҳсида Ирина Левина кучли учликдан жой олди.

Хотин-қизлар ўртасида узунликка сакраш бўйича ўтган беллашувларда Шарифа Давроновага тенг келадигани топилмади. Унинг ортидан эса яна бир вакиламиз Роксана Худоёрова иккинчи ўринни эгаллади. Амир Нагаева ва Вадим Чкалов эса эркаклар ўртасида баландликка сакраш йўналишида 2-3 поғоналарда қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон енгил атлетика федерациясининг бронза даражасидаги ушбу нуфузли мусобақа жаҳон чемпионатига рейтинг очколарини тақдим этади. Унда дунёнинг 15 давлатдан 250 нафарга яқин енгил атлетикачилар ўзаро рақобатлашамоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА