Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Silk Avia” янги ҳаво кемасини кутиб олди (+видео)
15:03 / 2024-02-18

Ўзбекистон ҳаво йўллари таркибига кирувчи “Silk Avia” авиакомпанияси тўртинчи ATR 72-600 ҳаво кемасини тижорат мақсадларида фойдаланиш учун қабул қилиб олди.

Ҳаво кемаси Airbus консернининг Тулузадаги заводи аэродромида барча зарур техник ҳамда парвоз синовларидан ўтиб, пойтахтимизга учиб келди. Анъанага кўра, янги самолёт сув аркаси билан кутиб олинди. Ушбу тарихий воқеани Тошкент аэропортида авиакомпания ходимлари, ҳаво кузатувчилари ва пойтахтимиздаги оилалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олди.

“Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти ташаббуси билан амалга оширилаётган сўнгги йиллардаги самарали ишлар пировардида фуқароларимизнинг ҳаво йўлидаги парвозини яхшилаш мақсад қилинган.

Тўғридан-тўғри заводдан келган кема соддалаштирилган фузеляж ранги – бутунлай оқ рангда. Яқин кунларда самолёт “Uzbekistan Airways Technics” ангарларидан бирида миллий хон-атлас тасвиридаги анъанавий ливреяни чизиш режалаштирилган.

Авиалайнернинг максимал оғирлиги 22 800 килограмни ташкил этади, 1528 километргача парвозни амалга ошириши мумкин. Янги ҳаво кемаси аллақачон парвозлар жадвалига киритилган.

– Мамлакатимиз бўйлаб авиақатновларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Маҳаллий ва халқаро йўналишларда рейслар сони кўпаяпти, - деди "Uzbekistan Helicopters" МЧЖ директори Сардор Ирмуҳамедов. – Келтирилган самолёт ўзининг илк парвозини маҳаллий йўналиш бўйича амалга оширади. Ёз мавсумидан бошлаб қўшни давлатларга ҳам парвозларни амалга ошириш режалаштирилган.

Авиакомпания ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Мамлакатимиз ичида амалга ошириладиган парвозларда етакчи бўлиш, доимий равишда йўналишлар тармоғини кенгайтириб бориш ва авиақатновлар сонини кўпайтириш шулар жумласидан.

“Silk Avia” авиапарки 72 тагача йўловчини сиғдира оладиган тўртта ATR 72-600 минтақавий йўловчи ташувчи ҳаво кемаларини ўз ичига олади. Компания Тошкент, Бухоро, Қарши, Навоий, Наманган, Самарқанд, Термиз, Фарғона ва Урганч шаҳарларини бир-бири билан боғлайди.

– Умумий мақсадимиз, Янги Ўзбекистоннинг мақсади – республика бўйлаб авиақатновлар сонини ошириш ва ички туризмни ривожлантириш учун шарт-шароит яратишдир, – дейди “Uzbekistan Airways” АЖ Бошқарув раиси Шухрат Худойқулов. – Бунга эса мамлакатимиз шаҳарлари ўртасидаги авиация алоқаларини тиклаган ҳолда, турбовинтли ATR бренди остидаги ҳаво кемалари, шубҳасиз катта ёрдам беради.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/tp70NDG_hwg?si=xqeFB9OISjBYuwgs" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

“Silk Avia” – Ўзбекистоннинг биринчи минтақавий авиакомпанияси бўлиб, 2021 йил 6 июлда мамлакат ичида авиақатновларни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда бренд Ўзбекистон Республикаси миллий авиаташувчиси таркибига кирувчи “Uzbekistan Helicopters” бошқарувига ўтганди.

Беҳруз Худойбердиев,

Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА