"Silk Aiva" авиакомпаниясининг учинчи самолёти Тошкентда кутиб олинди
Uzbekistan Airports ахборот хизматининг маълум қилишича, бугун, 26 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 08:05 да "Silk Aiva" минтақавий авиакомпаниясининг учинчи самолёти Тошкент халқаро аэропортига қўнди.
Самолёт сув аркаси билан тантанали равишда кутиб олинди. Перронда борт ва экипажни Uzbekistan Airports ва "Silk Aiva" компанияси вакиллари кутиб олишди.
Бу Бангкок Airways авиакомпаниясидан сотиб олинган учта АТR 72-600 самолётларининг энг охиргиси. Биринчи иккита самолёт сингари, ушбу самолёт ҳам Бангкокдан Тошкентга олтита тўхташ билан — Сингапур, Ҳиндистон, Уммон, Миср, Кипр ва Озарбайжон орқали учган.
Яқин кунларда самолёт амалдаги жадвалга мувофиқ мунтазам рейсларга киритилади. Эслатиб ўтамиз, куни кеча Silk Avia ўзининг илк кўргазмали парвозини Самарқанд халқаро аэропортига амалга оширган.
Ш.Маматуропова, ЎзА