English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сил ва ОИВ инфекцияси бўйича лойиҳа фаолияти мониторинг қилинади
18:14 / 2024-09-16

Бугун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасида Республика ОИТСга қарши курашиш маркази раҳбарияти, Глобал жамғарманинг лойиҳалар бўйича раҳбари, Марказий Осиё ва Шарқий Европа бўйича ҳудудий менежер ҳамда Глобал жамғарма вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад «Ўзбекистон Республикасида 90-90-90 ва STOP сил касаллиги, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига йўналтирилган мақсадларга эришиш бўйича фаолиятни кучайтириш» лойиҳаси доирасидаги амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилишдир. 

Шунингдек, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида миграция шароитида пандемияга тайёргарлик, сил ва ОИТСга қарши курашиш бўйича йиғилишда иштирок этиш, Республика ОИТСга қарши курашиш марказининг сил ва ОИВ инфекцияси бўйича лойиҳа фаолиятини мониторинг қилиш, ҳамда лойиҳани молиялаштиришнинг янги даврини имзолашга тайёргарлик кўриш мақсад қилинган.

Глобал жамғарма делегациясининг ташрифи доирасида лойиҳа ижрочилари, ҳамкорлар, шунингдек, манфаатдор томонлар билан қўшма учрашувлар, миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан учрашув, Тошкент шаҳридаги «Ишонч хона» фаолияти ва «Истиқболли авлод» ННТ ходимлари фаолияти билан танишиш режалаштирилган.

Эртага, 17 сентябрь куни Глобал жамғарма делегацияси Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пульмонология илмий амалий маркази, Республика ва Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш марказлари фаолияти билан танишади.

Делегациянинг кейинги музокаралари ва истиқболдаги режалар юзасидан учрашувлар 19-20 сентябрь кунлари Самарқанд вилоятида давом этади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА