Ўзбекистон тиббиёти – инсон қадри учун
Биласизми, Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатлар каби ўтган асрнинг 90 йилларидан бошлаб сил касаллиги бўйича эпидемиологик ҳолат кескин ёмонлашиб борган. 2001 йилгача сил билан касалланиш юз минг аҳоли ичида 57,5 фоиздан 79,2 фоизгача ўсган. 2001 йил 11 май «Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши, Давлатимиз томонидан тезкор кўрилган чора-тадбирлар ва «2003-2008 йиллара сил касаллигини профилактика қилиш ва касалланишни камайтиришнинг стратегик дастури»нининг қабул қилиниши, маълум даражада эпидемиологик ҳолатни барқарорлаштирган бўлса ҳам, кескинлик ва силга қарши кураш тизимида қатор ечилмаган муаммолар сақланиб қолди.
– Фтизиатрия соҳасидаги туб ўзгаришлар 2011 йиллардан бошланди, – дейди Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги қарори билан тасдиқланган 2011 – 2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида силга қарши кураш чора-тадбирлари ва унинг узвий давоми бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 февралдаги «Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Ўзбекистон Республикасида силга қарши кураш бўйича сил касаллари ва тиббиёт ходимлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий базаларни такомиллаштириш, силга қарши муассасаларнинг тармоғи ва структурасини комиллаштириш, инфекцион назоратга амал қилган ҳолда капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, замонавий тиббиёт асбоб ва ускуналари билан қайта таъминлаш каби устувор йўналишларни белгилаб берди.
Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва республикада аҳолига ихтисослаштирилган хизматни такомиллаштиришнинг фундаментал асосини яратиш мақсадида республикада аҳолига кўрсатиладиган ихтисослаштирилган фтизиатрия хизматининг вертикал бошқарув тизими ташкиллаштирилди ва республикада фаолият кўрсатаётган барча силга қарши курашиш муассасалари Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази бошчилигида ушбу тизимга мужассамлаштирилди.
– Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази силга қарши курашда долзарб масалаларни ҳал этишга хизмат қилаётган шифо масканларидан биридир. Марказ раҳбари сифатида бугунги кунда марказнинг қайси ютуқларини эътироф эта оласиз, сўнгги беш йилда соҳада эришилган ютуқлар нимада?
– Саволингизга жавоб тариқасида, аввало кадрлар тайёрлаш масаласига қаратилаётган эътибор борасида айтиб ўтсам. Боиси, айниқса тиббиёт соҳасини малакали мутахассисларсиз ривожлантириб бўлмайди. Кадрлар масаласи ёшларни ўқитиш, ёш мутахассислар билими ва тажрибасини ошириш билан ҳал этилади. Бугунги кунда тиббий муассасамизнинг ёш, иқтидорли мутахассислари силнинг диагностикаси, даволаш режимлари ва жарроҳлик амалиёти бўйича Буюк Британия, Жанубий Корея, Германия, Голландия, Малайзия, Россия сингари кўплаб мамлакатларнинг нуфузли клиникаларидаги ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашмоқдалар.
Айни пайтда шифо муассасаси қошида ўпка жарроҳлиги, суяк-бўғим касалликлари, пульмонология, болалардаги силни даволаш, урогенитал аъзолар хасталиклари муолажаси каби йўналишлардаги 10 та клиник бўлим, шунингдек, маслаҳат-ташхис поликлиникаси мавжуд. Қолаверса, касалликлар омилини тезкор равишда аниқлаш, тиббий диагностиканинг энг сўнгги самарадор усулларини қўллаш амалиёти ҳам бу ерда муваффақиятли бажарилмоқда. Марказда йилига беш минг нафарга яқин беморга тиббий хизмат кўрсатилади.
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизими реформаси доирасида ва республикада махсус ёрдам беришни такомиллаштириш, фундаментал асосни яратиш бўйича қатор вазифаларни амалга оширишда бир бутун тизим ташкил этилган. Касалликни эрта аниқлаш бўйича низомлар қайтадан кўрилиб, оммавий флюорографик текширувлар орқали силга юқори хавфли гуруҳлар ва соҳаси бўйича аҳолининг катта гуруҳлари билан контактда бўладиган, жумладан болалар билан ишлайдиган мажбурий контингентларни саралаб текшириш йўлга қўйилди.

Бу эса ўз навбатида катта иқтисодий самараларга олиб келиб, флюорографик текширувлар харажати камайди ва силни аниқлаш 0,1 фоиздан 0,6 фоиз кўрсаткичгача кўпайди. Республикада ҳар йили 3,5 миллиондан ортиқ шахслар флюорографик усулда текшириляпти, бу эса силнинг эрта шаклларини ўз вақтида аниқлаш имконини берди.
– Ташхислаш ва беморларни даволашда ҳам янгича ёндашувлар амалиётга киритилганми? Ана шулар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Марказда миллий референс лаборатория силни эрта аниқлашда алоҳида ўрин тутади ва у жаҳонда мавжуд энг сифатли 10 та йирик лаборатория рўйхатидан ўрин олган. Бу ерда микроскопия, културал усул, яъни микробларни ўстириш, генетик ва серологик усулларда энг кам вақт талаб қилинадиган мураккаб таҳлиллар бажарилади. Ҳозирги пайтда ушбу лаборатория мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида жойлашган 300 дан зиёд лабораториялар учун илмий-услубий марказ вазифасини ҳам ўтамоқда. Бу ўз навбатида силни эрта аниқлаш учун «Ўзбекистон Республикасида сил диагностикаси сифати менеджменти бўйича қўлланма» норматив ҳужжати тайёрланишига асос бўлди.
Республикада аниқланган барча сил ва силнинг резистент тури билан касалланган беморлар универсал даволаниш усули билан тўла қамраб олинган, шунингдек, юқори самарадорликка эга бўлган беморга йўналтирилган индивидуал даволаш усуллари, стационар даволаш усулини ўрнини босувчи, кам маблағ талаб қиладиган касалликнинг илк давридан бошлаб амбулатор даволаш, қисқартирилган 9 ойлик даволаш усуллари ва ўпка ва ўпкадан ташқари сил касаллигини даволашда жарроҳлик амалиётининг замонавий усуллари амалиётга тўла татбиқ этилди.
Барча аниқланган беморларга, хоҳ у сезувчан ёки бардошли шакли бўлсин, мамлакатда даволаниш учун барча шароитлар яратилган, амбулатор даволанишни кенгайтириш, даволашда янги технологияларни татбиқ этиш, ўпка ва ўпкадан ташқари аъзолар силини замонавий юқори технологик жарроҳлик усуллари билан даволаш йўлга қўйилган. Таъкидлаш жоизки, шу йиллар давомида жарроҳлик фаоллиги 4 карра ошган, силнинг резистент шаклини янги препаратлар ва янги схемалар билан даволаш апробация қилинган. Ўтказилаётган барча тадбирлар силни даволаш самарасини 91 фоиздан юқори бўлишига имкон яратди.
Ҳозирда республиканинг барча ҳудудларида фтизиатрия ва пульмонология йўналишининг бош муассасаси бўлган вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказлари ташкиллаштирилган. Шунингдек, вилоят ва туман миқёсидаги 30 та фтизиатрия диспансерлари ва 13 вилоят фтизиатрия шифохоналари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Республикамизнинг барча вилоятларида жойлашган, фтизиатрия массаларида даволанаётган беморларга амалий ёрдам кўрсатиш, аҳоли соғлиғини сақлашни тубдан яхшилаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш учун шароит яратишда фидокорона хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида силнинг асосий эпидемиологик кўрсаткичларининг барқарорлигига олиб келди ва силнинг асосий эпидемиологик кўрсаткичлари ҳисобланган касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари 3,5 ва 6 баробарга камайишига эришилди.
Гувоҳи бўлганингиздек, марказнинг етакчи мутахассислари эришилган бу каби ижобий натижалар билан чекланиб қолмай, сил хасталигининг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш ва уни даволаш муаммоларини ҳал этиш борасида доимий изланишда. Уларнинг асосий мақсади беморлар дардига малҳам бўлувчи янгича муолажа усулларини амалиётга янада кенг татбиқ этиш, мамлакатимиз тиббиёти ривожига муносиб ҳисса қўшишдир.
ЎзА мухбири
Моҳигул Қосимова
суҳбатлашди.