Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сил касаллиги йилига 1 миллиондан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда
12:39 / 2025-11-14

Сил касаллиги (туберкулёз) –Mycobacterium tuberculosis complex гуруҳи микробактериялари томонидан чақириладиган дунёда кенг тарқалган инфекцион касаллик ҳисобланади. Бактерия одатда ўпкани шикастлайди.

Касаллик нафақат саломатлик, балки ижтимоий ҳолатга ҳам боғлиқ: сил қўзғатувчисига иммунитети пасайган, тўйиб овқатланмайдиган, гигиена стандартларига риоя қилмайдиган ва камбағал ижтимоий шароитларда яшайдиган кишилар энг таъсирчан. Бироқ, сил ёши ва жинсидан қатъи назар бутун аҳоли қатламига хавф туғдиради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қайд этишича, ўтган йили дунё бўйича 8,3 миллион кишига ушбу хасталик ташхиси қўйилган, улардан 1,2 миллион нафари ҳаётдан кўз юмган. Туберкулёз – бедаво хасталик эмас. Унинг олдини олиш борасида ҳам амалий ечимлар мавжуд. Қолаверса, силни самарали даволаш бўйича жаҳон тиббиётида катта ютуқларга эришиляпти. Шунга қарамай, баъзи мамлакатларда ушбу соҳа етарли даражада молиялаштирилмаётгани, беморларга тиббий хизмат кўрсатиш иконияти пастлиги туфайли муаммо глобал аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Масалан, ўтган йили дунёдаги касалланиш ҳолатларининг 87 фоизи 30 та давлат ҳиссасига тўғри келган. Улар орасида Ҳиндистон (25 фоиз), Индонезия (10 фоиз), Филиппин (6,8 фоиз), Хитой (6,5 фоиз), Покистон (6,3 фоиз), Нигерия (4,8 фоиз), Конго Демократик Республикаси (3,9 фоиз) ва Бангладеш (3,6 фоиз) етакчи.

ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, 2000 йилдан буён туберкулёзга қарши курашиш чоралари 83 миллион инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини берган.  

Хусусан, 2023–2024 йилларда силга чалиниш кўрсаткичи 2 фоизга, ўлим ҳолатлари эса 3 фоизга қисқарган. Бироқ, бу ЖССТ стратегиясида белгиланган марралардан ҳали анча йироқ.

Шу боис, ташкилот ҳукуматларни мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди. Чунки вазият шундай давом этса, 2025–2035 йилларда туберкулёздан ўлимлар сони 2 миллионга, касалланиш ҳолатлари эса 10 миллионгача етиши мумкин.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА