Яхши дам, меҳнатга ҳамдам, деб бежиз айтишмаган. Йил бўйи корхона ёки ташкилотда сидқидилдан ишлаган ходим, мароқли дам олишга ҳам ҳақли.
Хўш, қандай ҳолатларда ишчилар ёки уларнинг оила аъзоларига сиҳатгоҳларда бепул даволанишлари учун йўлланмалар берилади?
Ушбу саволга Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали бўлиб ўтган овозли чат давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова жавоб берди.
— Жамоа шартномалари орқали корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда ишлаётган уюшма аъзолари ҳар 2-3 йилда имтиёзли йўлланмалар олиш ҳуқуқига эга. Бу йўлланмаларнинг 45 фоизини касаба уюшма аъзоси тўлайди. Мисол учун, ҳозирги кунда санаторийларнинг ўртача нархи 3 миллион 500 минг – 4 миллион сўмни ташкил қилса, шу сумманинг ярмидан камини касаба уюшма аъзоси, яъни ходим тўлайди.
Зомин ҳамда Оқтош санаторийларидан бошқа санаторийлар 12 кун дам олишга мўлжалланган. 12 кун давомида ходим 5 маҳал овқат, дори-дармон ҳамда муолажалар, ташхислаш, тиббий хизматлар, маданий тадбирлардан 45 фоизгина суммани тўлаган ҳолда фойдаланишлари мумкин.
— Мутлақо бепул йўлланмалар ҳам борми?
— Албатта бор. Бепул йўлланмалар боқувчисини йўқотган, кўп болали, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ижтимоий дафтарларда турувчи оилаларга жамоа шартномалари орқали бепул йўлланмалар берилади.
Касаба уюшмалари федерацияси ижтимоий акцияларни ҳам ўтказиб келмоқда. Шундай акциялар доирасида тиббиёт, таълим ходимларига, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёш оила вакилларига бепул йўлланмалар берилмоқда. 2022 йил давомида 600 нафарга яқин шундай ходимларга, 2023-йилнинг биринчи ярим йиллигида 300 нафарига бепул йўлланмалар берилди.
Бундан ташқари ишловчи ходимлар ўзлари ишлаётган корхонадан ота-оналарига ҳам имтиёзли йўлланмалар олиб бериш имкониятига эгалар. Бепул йўлланмалардан меҳнат фахрийларимиз ҳам фойдаланиб келмоқда. 2022 йилда 317 нафар фахрий ва уларнинг кузатувчиларига 720 миллион сўмлик бепул йўлланмалар берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UUXUrADYcaM" title="Сиҳатгоҳда бепул даволаниш учун кимларга йўлланма берилади?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, Ё.Мелибоев (видео), ЎзА