Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сиҳат-саломатлик иш унумдорлигининг асосий омили
10:22 / 2025-11-20

Бугун аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган ишлар янада жадаллашмоқда. Жамоат саломатлигини мустаҳкамлашда касалликларнинг олдини олиш, инсон иммунитетини кучайтириш, шунингдек, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни оширишни тизимли йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш эса устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан Навоий машинасозлик заводида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги эзгу тадбир ташкил этилди.  

“Саломатлик сари” лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу акцияда корхона ходимлари учун бепул тиббий кўрик ҳамда ОИТС бўйича экспресс тестлар ташкил этилди.

Мазкур тиббий кўрик давомида тор мутахассис шифокорлар томонидан ишчи-ходимлар соғлигининг барқарорлиги кўздан кечирилиб, тиббий таҳлиллар ва юзма-юз мулоқотлар асосида уларга зарур тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилди.  

– Тиббий кўрик давомида корхонада меҳнат қилаётган ходимлар учун шифокорлар томонидан соғлом турмуш тарзи, эрта ташхиснинг аҳамияти ва ОИТСнинг олдини олиш юзасидан суҳбатлар ҳам ўтказилди, – дейди корхонадаги бошланғич партия ташкилоти раиси Машҳура Раҳимова. – Айниқса, ОИТС бўйича тезкор тестнинг бепул ташкил этилгани ишчи-ходимлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ушбу жараён анонимлик тамойилларига амал қилган ҳолда мутахассислар томонидан хавфсиз ва шаффоф тарзда бажарилди.

Партиянинг мазкур “Саломатлик сари” лойиҳаси бошқа корхоналар ва маҳаллаларда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган. Мақсад эса аҳолининг соғлом ҳаётга бўлган қарашларини шакллантириш, тиббий саводхонликни ошириш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири