Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сигирнинг сути тилида
16:26 / 2015-01-06

Тошкент вилоятида чорвачиликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.

Тошкент вилоятида чорвачиликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.

Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелда қабул қилинган “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида амалга оширилган ишлар туфайли вилоятдаги қорамолчиликка ихтисослашган хўжаликлар зотдор ва сермаҳсул чорва моллари, омихта ем ва ширали озуқа билан таъминланди. Зооветеринария ва бошқа сервис хизматлари кўрсатиш сифати янада яхшиланди.

Юқори Чирчиқ, Чиноз, Зангиота туманларидаги “Тано”, “Юлдуз”, “Дилгиё файз барака”, “Роҳатой” каби хўжаликларнинг подалари наслли молларнинг “Олтин фонди”га киритилди.

– Президентимиз раҳнамолигида чорвачиликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида вилоятимизда шу йўналишдаги фермер хўжаликлари беш юздан ошди, – дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси масъул ходими Шакарбой Деҳқонбоев. – Фермаларда қорамол етти юз минг бошга яқинлашди. Чорвадорларимиз йилига 200 тоннага яқин гўшт, 700 минг тоннадан ортиқ сут етиштирмоқда.

Маҳсулот мўл ва сифатли бўлиши учун, аввало, мустаҳкам озуқа базасини яратиш зарур бўлади. Буни яхши билган мутасаддилар яйловлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Зангиота, Бўстонлиқ, Оҳангарон, Қибрай каби қатор туманларда 40 минг гектарга яқин ерда ем-хашак етиштирилаётир. 18 омихта ем ва шрот сотишга мўлжалланган бирлашмалар қошида 164 шохобча фаолият кўрсатмоқда.

Бу борада амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад – вилоятда боқилаётган чорва, жумладан, 2014 йили Германия, Украина, Польша, Чехия, Словакия ва Австрия давлатларидан келтирилган тўрт минг бошдан зиёд Симентал қизил-ола ҳамда Голштин қора-ола зотли молларнинг насл ва маҳсулдорлигини ошириш.

Мутахассисларнинг фикрича, юқори озиқлантириш ва сақлаш муҳитида боқилган зотли сигирлар йилига 5-6 минг килограмм сут беради. Шунинг учун ҳам бу сигирлар жуда қулай шароитга ўта талабчан. Борди-ю, бунинг акси бўлса, уларнинг маҳсулдорлиги ва бузоқ бериши пасайиб кетади. Турли касалликларга чалинади. Чорва молларининг насли ва маҳсулдорлигини янада оширишда икки юзга яқин зооветеринария хизмати кўрсатиш шохобчаларининг фаолияти қўл келаётир.

Вилоят давлат ветеринария назорати бошқармасидан маълум қилишларича, эпизоотик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, четдан юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоятдаги барча мол ва деҳқон бозорларида, чорва молларини сўйиш майдончаларида, гўшт дўконларида давлат ветеринария назорати фаолияти янада кучайтирилган. Қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда аҳоли қарамоғидаги ҳайвонларни эмлаш мақсадида махсус гуруҳлар ташкил этилиб, зарур дезинфекцияловчи моддалар билан етарли даражада таъминланди.

Аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини узлуксиз қондиришда Зангиота, Чиноз, Янгийўл, Пискент, Бўстонлиқ туманларидаги қорамолчиликка ихтисослашган хўжаликлар қаторида Қибрай туманидаги “Чинобод Мираҳмедов Шуҳрат” фермер хўжалигининг ҳам муносиб ўрни бор.

2007 йили ташкил этилган мазкур хўжаликда ўтган йиллар давомида моллар юзлаб бошга кўпайди, қўшимча молхоналар ташкил этилди. Кунига 2,5 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга цех фаолияти йўлга қўйилди. Натижада хўжалик аъзоларининг моддий манфаатдорлиги ошди, турмуш фаровонлиги юксалди. Янги иш ўринлари яратилди.

– Узоқ йиллик тажрибага эга чорвадорлар “Сигирнинг сути тилида”, деб бежиз айтишмас экан, – дейди фермер Ш.Мираҳмедов. – Боққанга яраша наслли мол боққан маъқул. Чунки, соғиб олинган сут қилинган харажатни оқлайди. Озуқа зое кетмайди.

Чорвадор сўзида собит қолди. 2014 йили тижорат банкидан олинган 300 миллион сўм кредит маблағига Германиядан олтмиш бошдан зиёд қора-ола зотли моллар келтириб, чорва сонини кўпайтирди.

Айни пайтда мазкур хўжаликда уч юз бошга яқин қорамол боқилмоқда. Қишловга пухта ҳозирлик кўрилгани, етарли миқдорда озуқа захираси яратилгани қиш мавсумининг беталафот ўтишини таъминлаётир.