Ижтимоий тармоқларда Aндижон шаҳридаги дорихонадан «Меновазин» олган фуқаро унинг сифатидан норози эканлиги билдирилган видео тарқалди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги олиб борган ўрганишда видеода сифатсизлиги айтилаётган маҳсулот "SARA FARM-25» хусусий корхонаси томонидан ноқонуний йўллар билан ишлаб чиқарилганлиги аниқланган.
Агентлик видеодаги «Меновазин» маҳсулоти ноқонуний ишлаб чиқарилганлигини ҳақидаги хабарни республикамизда фаолият юритаётган дорихоналарга етказган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббий буюмларни, уларнинг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилишга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирган.
“SARA FARM-25» корхонасининг ноқонуний фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига мурожаатнома юборилган ҳамда белгиланган талабларга номувофиқ ишлаб чиқарилган «Меновазин»ни сотган дорихона ваколатли орган томонидан назоратга олинган.
ЎзА