Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан истеъмол бозорида сифат ва хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида тизимли назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Хусусан, инспекциясининг Жиззах вилояти бўлими томонидан Жиззах шаҳридаги Эски шаҳар деҳқон бозори ҳудудида жойлашган савдо нуқталарида назорат хариди ўтказилди. Унда “HAVEN” ва “RAKHSHA” савдо белгили синтетик кукунли ювиш воситалари текширувдан ўтказилди.
Лаборатория таҳлиллари натижаларига кўра, мазкур маҳсулотлар белгиланган стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
Қайд этилишича, маҳсулот қaдoқларида амалдаги стандарт белгилари кўрсатилмагани, сертификат расмийлаштирилмаган бўлса-да, мувофиқлик белгисининг қўйилгани маълум бўлди. Шунингдек, маҳсулотларда сақлаш шартлари ва қўллаш бўйича кўрсатмалар мавжуд эмаслиги қайд этилди. Синов натижалари эса фаол моддаларнинг массавий улуши белгиланган талаб даражасига мос келмаслигини кўрсатган.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан савдо нуқталарига огоҳлантириш хатлари берилди ҳамда маҳсулотларни савдодан чиқариш бўйича тегишли тақдимнома киритилди.
Ҳамроз Баянов, ЎзА