Сирдарё вилояти Боёвут туманида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида сифат талабларига жавоб бермаган 30 килограммга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари сотувдан олиб ташланди. Бу ҳақда туман бўлими ташаббуси билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Маълумотга кўра, бўлим бактериологик, паразитологик ва санитария-гигиеник йўналишлардаги учта лаборатория орқали санитария назоратини амалга ошириб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида санитария-гигиена лабораторияси томонидан озиқ-овқат гигиенаси бўйича 7 та ош тузи, 38 та гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 55 та сут ва сут маҳсулотлари, 162 та нон ва нон маҳсулотлари, 10 та пахта ёғи ҳамда 119 та полиз ва сабзавот маҳсулотлари намунаси таҳлил қилинган.
Шунингдек, овқат калорияси бўйича 26 та, ичимлик суви бўйича 174 та намуна текширилди. Ёритилганлик даражаси бўйича 1 355 та таҳлил (шундан 23 таси талабга жавоб бермаган), микроиқлим кўрсаткичлари бўйича 291 та таҳлил (20 та талабга жавоб бермаган) ҳамда атмосфера ҳавосидаги зарарли ва заҳарли газларни аниқлаш бўйича 459 та таҳлил (39 та талабга жавоб бермаган) ўтказилган.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 21 нафар фуқаро ва хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Матбуот анжуманида маҳаллий ОАВ вакилларининг саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири