Доно халқимизда “Қинғир иш – келтирар ташвиш”, деб бежиз айтилмаган. Айрим ҳолларда мана шу нақлни унутган баъзи қабиҳ ниятли шахслар ўз нафсини устун қўйиб, хорижда ишлаб чиқарилган, сифати кафолатланмаган маҳсулотларни юртимизга олиб киришга уринмоқда.
Бу борда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан бу каби иллатларга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Наманган вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтган йилнинг сентябрь ойида қинғир йўллар орқали йирик миқдордаги дори ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган эди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими, вилоят божхона бошқармаси ҳамда тегишли ваколатли органлар ҳамкорлигида ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган тиббиёт воситалари, тамаки маҳсулотлари суд қарорига асосан тегишли тартибда йўқ қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги қарорига кўра, тегишли органлар томонидан тезкор тадбирлар давомида ноқонуний фаолиятдан олинган 887 турдаги 1,5 миллиард сўмлик тиббиёт ва дори воситалари ҳамда 76,7 миллион сўмлик 8 минг 150 қути тамаки маҳсулотлари тегишли равишда ёқиб юбориш, тўкиш ва синдириш орқали йўқ қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА