Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатсиз бажарилган 21,9 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бўйича 19 жиноят иши қўзғатилган
10:09 / 2023-11-02

Мамлакатимизда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бунда “Халқни рози қилиш” тамойилига асосан аҳолига хизмат кўрсатувчи ижтимоий соҳа ҳамда инфратузилма объектларини қуришга эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат ва талабдан келиб чиққан ҳолда ҳар йили янги мактаб, боғча, шифохона, соғломлаштириш масканлари каби объектлар қурилаётган бўлса, мавжудлари замон талабларига мос равишда таъмирланмоқда.

Ушбу ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда прокурор назоратининг ўрни муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси томонидан ташкил этилган Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганишлар натижаларига бағишланган мажлисда шу ҳақда сўз юритилди.

Президентимизнинг 2022 йил 22 январдаги “2022 – 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан Тошкент вилоятидаги прокурор назорати ҳолатига эътибор қаратилди.

Хусусан, Тошкент вилояти прокуратураси органлари ҳузурида тузилган ҳудудий штаблар томонидан қурилиш ишлари сифати ва ҳажмларининг ҳаққонийлиги ўрганилиб, 150 объектда сифатсиз бажарилган 10,6 миллиард сўмлик ишлар ва 106 объектдаги 4,8 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган.

Дастур ижроси бўйича ўтказилган назорат тадбирлари давомида прокуратура органлари томонидан сифатсиз бажарилган 21,9 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бўйича 19 жиноят иши қўзғатилиб, 14,4 миллиард сўм миқдорида зарар қопланган. 

Вилоятдаги ҳар бир объектнинг лойиҳа-смета ҳужжати қайта ўрганилиши натижасида 994 лойиҳадан 216,8 миллиард сўмлик маблағ бюджетдан ортиқча харажат қилинишининг олди олинган. 

Бундан ташқари, қурилиш ишлари суст олиб борилаётган 35 объектга 845 нафар маҳаллий ёшлар жалб этилиб, бандлиги таъминланган. 

Сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда вилоятда ижтимоий соҳа ва инфратузилмани ривожлантириш объектлари қурилишида айрим камчиликлар сақланиб қолаётганига эътибор қаратди. 

Жумладан, дастурдаги 13 объект ўтган йилда фойдаланишга топширилиши лозим бўлса-да, ўрганиш кунига қадар ишлар якунланмаган ва фойдаланишга топшириш далолатномалари тўлиқ расмийлаштирилмаган.

Бундан ташқари, жорий йилда топширилиши лозим бўлган 101 объектда қурилиш ишлари режадан орқада қолган бўлса, янгидан қурилиши режалаштирилган 21 объектда қурилиш ишлари бошланмаган.

Шунингдек, жорий ўқув йилида фойдаланишга топширилиши керак бўлган 4 та ўрта таълим мактабида ҳамда 7 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш ишлари якунланмаган.

Танқидий муҳокамалар давомида қурилиш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажарилишида пудратчилар масъулиятини янада ошириш, қурилиш ишларига тўсиқ бўлаётган муаммоларни мутасадди ташкилотлар томонидан ўз вақтида бартараф этиш, бу борада прокуратура органларининг назорат фаолиятини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Н.Абдураимова, ЎзА