Сифатсиз антифриз ва ойна тозаловчи суюқлик сотувига чек қуйилди
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Қашқадарё вилояти бўлими томонидан Қарши шаҳридаги автомобиллар эҳтиёт қисмлари бозорида “BIO COIL” бренди остида сотилаётган антифриз ҳамда ойна тозаловчи суюқлик маҳсулотлари бўйича назорат хариди ўтказилди.
Назорат хариди доирасида олинган маҳсулотлар аккредитациядан ўтган лабораторияда синовдан ўтказилди.
Таҳлил натижаларига кўра, “BIO COIL” антифриз маҳсулоти амалдаги техник регламентлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Мутахассислар таъкидлашича, мазкур маҳсулотнинг паст иссиқлик ўтказувчанлиги двигателнинг қизиб кетишига, шунингдек, айрим агрегат ва деталларнинг занглашига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, “BIO COIL” ойнани тозаловчи суюқлиги қиш мавсумида музлаб қолиши эҳтимоли мавжуд бўлиб, бу шиша ювиш тизимининг ишдан чиқиши ҳамда ҳайдовчининг кўриш майдони чекланишига сабаб бўлиши мумкин. Айни пайтда маҳсулот таркибида инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимол қилинган моддалар бўлиши ҳам мумкин.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА