English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли уруғлик юксак хирмон омили
18:24 / 2024-02-03

Қиш фасли –иш фасли

Қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда сифатли уруғнинг аҳамияти катта. Пахтачиликда ҳам уруғлик чигитларнинг саралаб тайёрланиши келгусида юксак хирмонни кўтаришга замин яратади.  

Қашқадарё вилоятида ҳам айни кунларда 2024 йил пахта ҳосили учун уруғлик чигитларни тозалаш-саралаш, туксизлантириш ҳамда қишлоқ хўжалик экинларининг касаллик ва зараркунандаларига қарши дорилаш ишлари амалга оширилмоқда.

– Қашқадарёлик деҳқонлар томонидан 2023 йилда 12 минг 229 тонна сифатли уруғлик пахта ҳосили етиштирилди, – дейди  “Ўзагроинспекция”нинг  Қашқадарё вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш шуъбаси бошлиғи Ҳабибулло Эсонов. – 2024 йилда 133 минг 200 гектар майдонга ғўзанинг иқлим шароитига мос, эртапишар “Бухоро-102”, “Порлоқ-4”, “Бухоро-10”, “Равнақ-2” ҳамда “С-82-90” навлари экилиши мўлжалланмоқда.

Айни кунларда 2024 йил пахта ҳосили учун асосий уруғлик фондини ҳисобга олган ҳолда 5 минг 873 тонна  уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, туксизлантириш ва қишлоқ хўжалик экинлари касаллик ва зараркунандаларига қарши дорилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, Косон туманидаги “Бунёдкор” МЧЖга қарашли уруғлик чигит тайёрлаш цехида ҳам ҳосилдорликнинг муҳим омилларидан бири бўлган ушбу тадбирни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун барча зарурий чоралар кўрилган. Цехга хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилгани уруғлик чигит сифати ва ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин ошишида муҳим омил бўлмоқда. Уруғлик чигитларни қадоқлаш учун етарли миқдорда қоп ва ёрлиқлар, кимёвий препаратлар захираси яратилган.

– Бир кунда 216 тонна тукли, 80 тонна туксиз уруғ сараланаяпти. Айни жараёнлар доимий мониторинг қилиб борилмоқда, – дейди Ҳабибулло Эсонов. – Масъул мутасаддиларга қонунбузилишларга йўл қўймаслик юзасидан профилактик тушунтиришлар ҳамда кўрсатма ва огоҳлантиришлар берилди. Ҳозиргача 1835 тонна уруғлик чигит тайёрланди. Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида ғўзани касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда уруғлик чигитни дорилашнинг аҳамияти ва уни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар берилмоқда.

Албатта, белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши жорий йилда вилоят миришкорлари томонидан пахтадан юқори ҳосил олинишига замин яратади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири