Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли таълим янги марраларни эгаллашнинг оқилона йўлидир
11:57 / 2024-02-07

Бугун жамиятимизнинг барча жабҳаларида ўзгариш, ислоҳотлар эпкини кузатилмоқда. Янги замон руҳи кириб бормаган, инсон манфаатига устувор аҳамият қаратилмаётган бирор-бир соҳа йўқ.

Айниқса, сўнгги етти йилдаги тадрижий ривожланиш босқичларига назар солсак, уларнинг мазмун-моҳиятида халқимиз хоҳиш-иродаси, йиллар давомида фуқароларнинг тинчлик-хотиржамлигига тўсиқ бўлаётган оғриқли муаммолар ечими тургани янада аҳамиятлидир.  

Бир сўз билан айтганда, бундай тарихий эврилишлар ўз-ўзидан содир бўлмайди. Мазкур ислоҳотлар замирида аниқ ва режали мақсад, қатъият, кучли сиёсий ирода мужассам.  

Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсад ўз аксини топган бўлиб, мазкур ҳужжат орттирилган тажриба, халқаро экспертиза ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилди.  

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу ҳужжатнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади. Стратегияда белгиланган йўналишларнинг барчасида аҳоли, яъни халқ ва мамлакат манфаатлари биринчи ўринга қўйилди.  

Жумладан, стратегиянинг устувор йўналишларидан бири таълим ва фан соҳасини ривожлантириш  бўлиб, унда барча муаммоли масалаларга ечим топилган. Хусусан, таълим ва ўқитиш сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш кабилар муҳим аҳамиятга эга.  

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси нафақат юртимизнинг келгуси етти йиллик тараққиётини, балки унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжатдир. Унда белгиланган мақсадларнинг ижроси ўз вақтида таъминланиши эса давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.  

Дунёдаги илғор тажрибалардан нафақат хабардор бўлиб бориш, балки уларни пухта ўрганиш ҳам муҳим эҳтиёж. Бунинг учун эса катта платформа керак. Фарғона политехника институти ҳам аниқ стратегик мақсадни белгилаб, айни шу масъулиятли вазифани муваффақиятли ўташи учун тизимли ишларни бошлаб юборган.  

Хусусан, Фарғона политехника институтини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси шакллантирилиб, ишлаб чиқилди. Мазкур стратегияда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илғор таълим технологияларига асосланган тизимни шакллантириш каби муҳим йўналишлар белгиланган. Ушбу белгиланган тизимли ишларни босқичма-босқич амалга ошириш ишлари йўлга қўйилди.  

Жумладан, 2024 йилда энг аввало ўқув жараёнларининг сифатини ошириш ва оптималлаштиришни давом эттириш, халқаро эътироф этилган рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш, илмий мактаблар фаолиятини такомиллаштириш, илмий ишланмалар ҳамда билим ва кўникмаларни тижоратлаштиришнинг самарали экотизимини босқичма-босқич ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилди. Шунингдек, илғор муҳандислик мактабларини очиш, истиқболли йўналишларда марказлар салмоғини ошириш, давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий талабалар турар жойини барпо этишни давом эттириш, институтнинг бренд сиёсатини янада такомиллаштириш каби бир қанча стратегик мақсадларни белгилаб олиб, “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. 

Мухтасар айтганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар замонавий тенденцияларга мос ҳолда ривожланиб бормоқда. Шубҳасиз, сифатли таълим янги марраларни эгаллашга олиб келадиган энг қисқа ва оқилона йўлдир. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур соҳадаги туб ўзгаришлар ўз натижасини ўрта ва узоқ истиқболда кўрсатади.  

Шерзоджон Деҳқонов,

Фарғона политехника институти ёшлар масалалари ва

маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори.

ЎзА