Юртимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, болалар ва ёшлар учун муносиб шарт-шароит яратиш борасида Президентимиз ташаббуслари изчил амалга оширилмоқда. Сирдарё вилоятида олиб борилаётган ишлар бунинг яққол исботидир.
Жорий йилнинг ўзидаёқ давлат раҳбарининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити ва инфратузилмани яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ва инвестиция дастури доирасида 116 та таълим муассасасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Улар орасида 57 та мактаб, 48 та мактабгача таълим ташкилоти, 10 та “Баркамол авлод” мактаби ҳамда Педагогика маҳорат маркази бор.

Энг муҳими, бу ишлар натижасида қарийб 11 минг нафар ўқувчи ва 7 мингдан зиёд мактабгача ёшдаги болалар учун янги ўринлар яратилди.

– Ҳар бир болага сифатли таълим ва тарбия бериш — биз учун энг устувор вазифа. Янги инфратузилма болаларнинг билим олиш жараёнини енгиллаштириш билан бирга, уларнинг ижодий салоҳиятини ҳам очади. Президент ташаббуслари бизга куч ва мадад бермоқда, – дейди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева.

Ҳозирги кунда вилоятда 1 170 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларда 67,8 минг нафар бола қамраб олинган бўлиб, йил якунига қадар бу қамров 87 фоизга етказилиши режалаштирилган. Шунингдек, жорий йилда 54 та янги давлат ва нодавлат боғча, 240 ўринли “Илк ривожланиш маркази” ишга туширилди.

Мактаб таълимида ҳам янгича ёндашувлар амалиётга жорий этилмоқда. Оқдарё тажрибаси асосида 23 та таянч мактаб, 11 та СТЕМ лабораторияси фаолият бошлади. 32 та мактабга 512 дона компютер, 25 та интерактив доска етказиб берилди. Шунингдек, 30 та инклюзив синф ташкил этилди. Халқаро баҳолаш дастурига киритилган мактабларни жиҳозлаш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилди.
2025–2026 ўқув йилидан бошлаб, вилоятдаги барча мактаблар янги баҳолаш тизимига ўтди. 16 та мактабда иккинчи хорижий тил сифатида француз, немис ва корейс тиллари ўқитила бошланди. Шу билан бирга, “Боғча – мактаб – олий таълим” тизимида ягона ғоявий тарбия йўлга қўйилиб, барча босқичларда “Келажак соати” дарслари жорий этилди.

Педагогларни қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўқитувчилар учун имтиёзли кредитлар, давлат хизматлари тўловларини камайтириш, миллий сертификат тизимини жорий этиш, нуфузли олийгоҳларда таҳсил олган педагогларга махсус устама ва чегирмалар бериш кўзда тутилган.
– Мазкур ишлар юртимизда таълим соҳасига бўлган юксак эътибор, хусусан, ўқитувчилар меҳнати ва ижтимоий мақомини ошириш йўлидаги амалий қадамларнинг ёрқин ифодасидир, – дейди Наргиза Холбоева.
Ғулом Примов, ЎзА