Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли таълим — тараққиёт пойдевори
19:06 / 2024-02-12

Мамлакат тараққиётининг янги даврида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун барча шароитларни яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўтган давр мобайнида ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган, улар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани мамлакатимизда мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахсларни тарбиялашга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Дунёда қанча ривожланган, тараққиёт бобида юксакликка кўтарилган мамлакат бўлса, барчаси юқори малакали, интеллектуал салоҳиятли кадрлари билан бунга эришган. Буларнинг таг замирида, албатта сифатли таълим тизими туради, десак муболаға бўлмайди. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида таълим тизимида кенг кўламли ишлар, аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Яқинда Президентимиз раислигида бўлиб ўтган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда ҳам таълим тизимида учраётган муаммоларни бартараф қилиш, инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрларни тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди. 

Жумладан, барча мактабгача таълим муассасаларини миллий қадриятларимизга мос ўқув-методик материаллар билан таъминлаш, овқат таъминоти, давомат, бадал пули каби жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди. 

Ушбу видеоселектор йиғилишида Олий таълим, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, мазкур соҳаларда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг малакасини ошириш, тизимдаги мавжуд муаммоларни ислоҳ қилиш ва жаҳон стандартларига мос ва рақобатбардош бўла оладиган кадрларни тайёрлаш бўйича мутасаддиларга вазифалар берилди. 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида олий таълимда қамров кескин ошди, соҳага хусусий сектор кириб келди, лекин сифатга етарли эътибор қаратилмаяпти, дея таъкидлади. 

Маълум бўлишича, Илм-фан ва инновацияларга етти йилда 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Аммо, илм-фанда “харажат — тадқиқот — маҳсулот” деган формула ишламаётганини қайд этди. Шунингдек, олий таълим соҳасида фаолият олиб бораётган айрим ректорларда ташаббус, интилиш, фидойилик етишмаётганини танқидқилди. 

Яна бир муҳим масала. Дарслардаги давоматга, тарбияси оғир ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида “Мактаб – ота-она – маҳалла” занжири асосида электрон мулоқот платформа ишга туширилади. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида оммалашган ижтимоий тармоқлар таҳлил қилиниб, уларнинг зарарли таъсиридан ҳимояланиш ва ижобий томонидан фойдаланиш чоралари кўрилади. Ота-оналар учун фарзанд таълим-тарбияси бўйича халқчил тилда қўлланмалар тайёрланади. 

Мазкур ташаббуслар амалиётга жорий этилса, Президентимиз таъкидлаганларидек, мактаб таълими бўйича ота-онада масъулият, ўқитувчида мажбурият, ўқувчида ишонч, таълим ва тарбияда сифат, маҳаллада эса назорат бўлади. 

Соҳа мутасаддиларига бугунги кунда талаб юқори бўлган 100 та касб танланиб, Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибаси асосида касб стандартларини ишлаб чиқиш, Олий техникум ва коллежларда технопарк, лаборатория ва амалий мономарказлар ташкил этилиши вазифаси қўйилди. Шунингдек, 116 та олийгоҳни ўрганиб, уларни йириклаштириш дастурини ишлаб чиқиш, уларга “миллий”, “давлат” университети, академия ёки институт мақомини беришнинг аниқ мезонларини белгилаш вазифасини топширилди. 

Бундан ташқари, аниқ ва фундаментал фанлар бўйича илғор дарсликларни хорижий тиллардан босқичма-босқич таржима қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ҳам фаоллаштириш лозимлиги, хорижга кетган талабаларнинг бор-йўғи 9 фоизи муҳандислик ёки технологиялар йўналишида экани қайд этилди. 

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларни қўллаб-қувватлашга доир ташаббусларнинг кенг доирада жорий қилиниши ҳар бир ёш авлод учун катта умид бўла олади. Ёшларни олий таълимга қамраб олиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш йўли билан биз юқори натижаларга эришишимиз мумкин. 

Ўтказилган видеоселектор йиғилиши мана шу ўзгаришларга замин бўла олади деб ўйлайман. Ўзбекистонда ижтимоий давлат қуриш стратегик мақсад этиб белгиланган. Мазкур видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар мамлакат ижтимоий салоҳиятини яхшилаш ва аҳолига фаровон турмуш шароитини яратиб бериш учун хизмат қилади. 

Муҳими, ёшларга берилаётган эътибор, уларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик миқёси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Айниқса, Бош қомусимизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ моддалар билан муҳрлаб қўйилгани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ҳуқуқий базани янада кенгайтириш, амалий ишларимизни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. 

Умуман, Президентимиз ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида жуда кўп шарт-шароитлар яратиб бермоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унунг самараси ҳам шунча юқори бўлади. 

Шу боис Ўзбекистон жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёшлар қатламига «муаммо» деб эмас, балки юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қарамоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти. 

Наргиза ДУСИМБЕТОВА, журналист