2025 йил “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” муносабати билан Ўзбекистон Миллий университети, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар ҳудудий Кенгаши, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи-методик марказ ҳамкорлигида “Сифатли таълим – тараққиёт пойдевори” мавзусида III Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган ислоҳотлари натижасида Ўзбекистонда таълим соҳасида туб ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Бу эса ёшларнинг олий таълим билан қамровини оширишда, ўқитиш тизимининг халқаро андозаларга фаол уйғунлашувида, жамият ҳаётининг барча жабҳалари учун юқори билим ва малакага эга бўлган, замонавий ва мустақил фикрлайдиган, она-Ватанимизга садоқатли кадрларни тайёрлашда асосий омил бўлмоқда.
[gallery-23385]
Конференцияда сифатли таълимни таъминлашда аниқ, табиий, хорижий ва ижтимоий-гуманитар фанларнинг ўрни, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, илм-фанни ривожлантириш, таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, таълим тизимида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур анжуманга 450 дан ортиқ мақолалар келиб тушган ва конференцияда илгари сурилган фикрлар натижасида ушбу мақолалар тўплам шаклида чоп этилиши белгиланди. Конференция сўнггида “Энг яхши мақола” номинацияси ғолиблари диплом ва эсдалик совғалар ҳамда фаол иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланди.
Н.Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари