English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли таълим самаралари
18:40 / 2023-12-20

ФОТОРЕПОРТАЖ

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 205-ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактабида 1414 нафар ўқувчи замонавий таълим стандартлари асосида билим олмоқда. 

2022/2023 ўқув йилида мактаб “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида икки марта ўз таклифи билан қатнашиб, ғолиб бўлди. Лойиҳага йўналтирилган маблағ ҳисобидан муассасага 30 та электрон доска, 6000 та адабиёт, кутубхона учун 10 та компьютер тўплами, 20 та овозли камера ва синф жиҳозлари харид қилинди. 

Таъкидлаш керак, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2023 йил 16 августдаги “Тажриба-синов мактабларида билимни баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида”ги буйруғи асосида мактабда юқори синф ўқувчиларининг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнларини ташкил этиш бўйича янги тажриба-синов баҳолаш тизимига ўтилган.

Мактабда бугунги кунда 72 нафар педагог ходимлар фаолият юритиб келмоқда. Улардан 18 нафари олий, 26 нафари биринчи, 21 нафари иккинчи малака тоифасига эга, 7 нафари мутахассисни ташкил этади. 

[gallery-15130]

Мактабда инглиз тили фани чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади. Сифатли таълим жараёни самараси ўқувчилар ютуғида намоён бўлмоқда. Жумладан, инглиз тили фанидан 12 нафар юқори синф ўқувчиси 2022/2023 ўқув йилида IELTS халқаро сертификатини қўлга киритди. Жорий, 2023/2024 ўқув йилида 43 нафар ўқувчи фан олимпиадаларининг туман босқичида, 12 нафари шаҳар босқичда қатнашди. Бир нафар ўқувчи эса мамлакат босқичига йўлланма олди. Шунингдек, 3-4 ноябрь кунлари бўлиб ўтган “Fresh Drive” халқаро рақс танловида 3-синф ўқувчиси Сабина Давлатёрова 1-ўринни эгаллади. Яна бир ўқувчи декабрь ойида Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтган “The Strongest Chimpions of Asia” халқаро математика олимпиадасида супер чемпионликни эгаллади. 7 декабрь куни 10-11-синф ўқувчиларидан 20 нафари “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати отряд аъзолари гувоҳнома ва кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Мактабда Ўзбекистон ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритган спортчилар, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари ҳам бор. 

Ўқувчиларда экологик маданиятни ошириш, табиат гўзаллигини ҳис қилиш ва асраш туйғуларини шакллантириш борасида ҳам мактабда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида ҳудудга 230 дан ортиқ дарахт кўчати экилиши ҳам айни мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятли. 

Таълим масканида маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар, адабий кечалар ўтказиш анъана тусини олган. Жумладан, куни кеча ўтказилган саводхонлик кечасида 1-синф ўқувчилари “Алифбе” китобини нечоғли ўзлаштирганини намойиш қилди. Жажжи ўқувчиларнинг саводхонлиги интеллектуал ўйинлар, қизиқарли савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилди. Болажонлар томонидан ёд олинган шеърлар, ижро этилган қўшиқ ва рақслар тадбирга кўтаринкилик бахш этди. 

Камола ЮСУПОВА, Муҳаммад АМИН (сурат) ЎзА