Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, умумий ўрта таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини оширишнинг шакл ва методларини тубдан қайта кўриб чиқиш, даврий равишда амалга ошириладиган малака оширишдан узлуксиз касбий ривожланиш тизимига ўтиш вазифалари белгиланган.
Муаммоларга илк ечим сифатида Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан халқ таълимидаги педагог-ходимларнинг малака ошириши учун “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси ишга туширилган эди.

Эндиги масала эса мазкур платформани мутлақо янги контентлар билан бойитиш эди. Шунга кўра, Халқ таълими вазирининг 2021 йил 14 августдаги буйруғига асосан миллий-тадқиқот институти томонидан халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш курсларини ташкил этиш бўйича “Узлуксиз касбий ривожлантириш – 2022” лойиҳаси амалга оширилди.
Бир йил давомида қандай натижаларга эришилди? Лойиҳа доирасида қандай ишлар амалга оширилди? “Узлуксиз касбий ривожлантириш – 2022” лойиҳасининг бир йиллик сарҳисобида шу саволларга жавоб изланди. Лойиҳа ишига етук, илмий даража, малака тоифага эга 91 нафар талабгор суҳбат асосида сараланиб, шартнома асосида ишга олинди.

Мактаб директори ўринбосарлари, психологлари, шунингдек, жами 22 фандан, жумладан, аниқ ва табиий фанлар таркибига кирувчи фанларнинг (информатика ва ахборот технологиялари, география, иқтисодий билим асослари), филология фанлари таркибига кирувчи (она тили ва адабиёти, ўзбек тили,рус тили, инглиз тили, немис тили, француз тили), ижтимоий фанлар (тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, тарбия), амалий фанлар (мусиқа маданияти, тасвирий санъат, чизмачилик, технология, жисмоний тарбия) фан ўқитувчилари, бошланғич таълим педагог ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш курсларининг вариатив замонавий ишчи ўқув дастурлари ишлаб чиқилди, улар асосида 1068 та видео машғулот тайёрланди.

Халқаро TALIS тадқиқотлари талаблари асосида мактаблардаги таълим муҳитини аниқлашга қаратилган мактаб директорлари ва ўқитувчилари учун сўровномалар шакллантирилиб, сўровномалар ўтказиш ва чуқур таҳлил қилиш (солиштирма) асосида “TALIS – 2023 халқаро тадқиқотига Ўзбекистон мактаблари ўқитувчи ва директорларини тайёрлаш” номли икки қисмдан иборат тадқиқот ҳисоботи тайёрланди ва нашр қилинди.

Мазкур тадқиқотлар натижаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси бўйича ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди. “МФактор”, “Юксалиш лидерлар академияси”, Asaxiybooks, “Edu Action” лойиҳалари ҳамкорлигида “Таълимда лидерлик” мақсадли курслари ишчи ўқув дастурлари ишлаб чиқилди ва халқ таълимининг ҳудудий бошқарув орган раҳбарлари учун қисқа муддатли курс ташкил этилди.
“Узлуксиз касбий ривожлантириш” малака ошириш курсларида тингловчилар ўзлаштиришини кузатиш мақсадида видеонинг маълум вақтларида тест топшириқларини бериш ва шу орқали текшириш тизими яратилди. Шу билан бирга курсларни мунтазам шакллантириш, ривожлантиришни кўзлаган ҳолда тингловчилар томонидан контентларга баҳо бериш, курс сўнггида курс бўйича сўровнома ўтказиш тизими яратилди.
Мактаб директори шу мактабдаги ўқитувчиларнинг платформадаги малака ошириш жараёнини кузатиб туриш учун янги тизим қўшилди. Низомда белгиланган тартибда хусусий таълим муассасалари ва олий таълим муассасалари Халқ таълими ходимлари малакасини оширишга ариза билан мурожаат қилувчи тизим ишлаб чиқилди.
Шунингдек, платформа тингловчилари учун кейинги йилда қайси тизим ёки таълим муассасаси орқали ўз малакаларини оширишларини белгиловчи тизим ва шу маълумотларни жамловчи реестр яратилди.
Хусусий сектор орқали малака оширган ўқитувчиларга ушбу таълим маркази томонидан берилган ҳужжатларни юклаш ва тасдиқлаш учун юбориш тизими ҳам ишлаб чиқилди. Узлуксиз касбий таълим платформаси Халқ таълими вазирлиги томонидан яратилган ERP тизими билан интеграциялаштирилди. Мутлақо янгидан ишлаб чиқилган видео ва аудио материаллар, тақдимотлар, мавзулар бўйича назорат саволлари узлуксиз касбий таълим электрон платформасига жойлаштирилди. Сифат менежменти тизими бўйича халқаро тадқиқотлар ўрганилиб, сифат менежменти тизими тамойиллари, параметр, усул ва воситаларини ўрганиш асосида вилоятларда тажриба синовлар ўтказилди ва илмий хулосалар шакллантирилди.
Халқаро тенденциялар таҳлили асосида педагог ходимлар учун зарурий мавзулар банки шакллантирилди. Халқ таълими педагог ходимлар касбий эҳтиёжларини аниқлашга қаратилган тажриба-синов дастури ишлаб чиқилди, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ўқитувчилардан иборат тажриба ва назорат гуруҳларида сўровномалар ўтказилди.
Педагог кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш курслари учун STEM дастурлари таркибига кирувчи фанларнинг ўзбек ва рус тилидаги 1200 та, филология фанлари таркибига кирувчи фанларнинг 900 та, ижтимоий фанлар таркибига кирувчи фанларнинг 450 та, амалий фанлар таркибига кирувчи фанларнинг 750 та, аниқ ва табиий фанлар таркибига кирувчи фанларнинг 900 та, ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари учун 300 та тест саволлари ишлаб чиқилди. Айни вақтда бу борадаги ишлар таҳлил қилиниб камчиликлар аниқланди ва келгусида амалга ошириладиган режалар ишлаб чиқилмоқда.
Соҳанинг ислоҳотларга, чуқур ёндашув асосида ўзгартиришларга эҳтиёжи бор эди. Шу боис йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, таклифлар ишлаб чиқилди, тавсиялар берилди. Босқичма-босқич амалга ошириладиган ишлар белгиланди. Зеро, нажот таълим-тарбия ва билимда. Сифатли таълим эса келажакни белгилайди.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/RiuwJlFAlMo" title="“Узлуксиз касбий ривожлантириш – 2022”: Сарҳисоб ва натижалар" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Гулжаҳон Боймуродова,
А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти лойиҳа иштирокчиси.
ЎзА