Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли таълим бериш – педагоглар олдидаги энг муҳим вазифа
11:34 / 2023-03-24

Жиззахдаги Президент мактабида умумий ўрта таълим муассасаларининг математика ҳамда инглиз тили фанлари ўқитувчилари учун семинар-тренинг машғулотлари бўлиб ўтди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбир “Ўқувчиларда танқидий фикрлашни лойиҳа ишлари орқали шакллантириш” мавзусига бағишланди.  

Тадбир аввалида Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева ва бошқалар бугунги семинар-тренингдан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида тушунча берди. Ушбу тадбир “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилида мамлакатимиздаги таълим тизимини янада ривожлантириш, ўқитишда янги методларни жорий этиш ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш йўлида яна бир қадам бўлиши таъкидланди. Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида юз берган ўзгариш ва янгиланишлар ҳар тарафлама чуқур билимга эга ёшларни тарбиялаб, камолга етказишга хизмат қилмоқда.  

Сўнгра тадбир қатнашчилари гуруҳларга ажратилиб, ҳар бир гуруҳга аввалдан тайёрланган малакали педагог-тренерлар математика ва инглиз тили йўналишларида “Ўқувчиларда танқидий фикрлашни лойиҳа ишлари орқали шакллантириш” мавзусида тренинглар ўтди.  

[gallery-11122]

Президент мактаби ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг малакали ўқитувчилари икки кун давомида мавзу юзасидан қизиқарли маърузалар қилиб, амалий машғулотлар ўтказди.  

– Ҳозирги ўқувчиларни оддий анъанавий сабоқлар билан қизиқтириб бўлмайди ва ана шу сабабдан ҳам янги методлар кириб келмоқдаки, у бугунги ўқитувчидан нафақат сабоқ беришни, балки ўқувчиларни йўналтира олувчи, ўз ортидан эргаштира олувчи, фанига қизиқтира олувчи устоз бўлмоғликни талаб этмоқда, – дейди Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шоҳида Даманова. – Президент ихтисослаштирилган мактабларидаги энг билимли, энг савияли математика ҳамда инглиз тили фан ўқитувчилари саралаб олиниб, онлайн тарзда тайёрланди ва улар 2 кундан буён бу ерга ҳудудий нуқтаи назардан, саралаб олинган, умумтаълим мактабларимиздаги энг иқтидорли математика ва инглиз тили фани ўқитувчиларига тренинглар ўтишди.  

– Мазкур тренинглар 3 босқичли бўлиб, 1-босқичда вилоятдаги Президент ихтисослаштирилган мактаблардан 28 нафар математика ва инглиз тили фанларининг энг иқтидорли малакали педагоглари онлайн тарзда тренерлар сифатида ўқитилди, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси  методисти Дилмурод Каримқулов. – Кеча ва бугун семинар-тренингларнинг 2-босқичида умумтаълим мактабларидаги юқори малакага эга бўлган 200 нафар математика ва 50 нафар инглиз тили фанлари ўқитувчилари ҳудудлардан саралаб олиниб, улар мана шу 28 нафар тренерларимиз томонидан ўқитилди. Ўз навбатида, ушбу семинар-тренингнинг 3-босқичида тренингда иштирок этган маҳаллий тренерлар туман ва шаҳар умумтаълим мактабларининг педагогларини қамраб олган ҳолда бир марталик, жорий ўқув йили якунига қадар шаҳар ва туманлар марказидаги умумтаълим мактабларида ташкил этилиши кўзда тутилган.  

– Мен Шароф Рашидов туманидаги 29-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларга математика фанидан сабоқ бераман, – дейди семинар иштирокчиларидан бири Фароғат Холтошева. – Тренерлар томонидан бизга берилган сабоқлар математика фани ўқитувчиларининг касбий компетенциясини ривожлантиришга йўналтирилган каскад усулида олиб борилганини алоҳида таъкидлаб ўтишим жоиз. Ушбу сабоқлардан ўқувчиларимизнинг индивидуал ва жамоавий қобилиятини ошириб, шогирдларимизда танқидий фикрлашни лойиҳа ишлари орқали шаклланиши ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришида, билимларни янада чуқурроқ олишида муҳим аҳамият касб этишини тўлиқ англаб етдик.  

– Ушбу 3 босқичли семинар-тренингларни ўтишдан кўзланган асосий мақсад – Президент мактабларининг илғор тажрибаси ва таълим соҳасидаги янгиликлар билан бўлишиш, замонавий методикалар билан таништириш, ўқувчиларда креатив ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришни ўрганишдан иборатдир, – дейди Жиззах вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева. – Республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази ҳамкорлигида бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида жойлашган жами 14 та Президент мактабида ташкил этилиб, машғулотлар математика ва инглиз тили фани ўқитувчиларининг касбий компетенциясини ривожлантиришга йўналтирилган ва сабоқлар каскад усулида олиб борилди. Ўтган 2 кун давомида таҳсил олган математика ва инглиз тили фани ўқитувчиларимиз, ўйлайманки мавзуни тўлиқ ўзлаштириб олдилар ва энди улар ўз ҳудудларидаги ҳамкасбларига худди шундай тренинглар ўтиб, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилида биз педагоглар олдига қўйилган вазифалар ижроси доирасида ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишлари талаб этилади. Педагогларимиз олдидаги энг муҳим вазифа эса ҳар бир ўқувчига энг юқори сифатдаги таълим беришдан иборатдир.  

Тадбир якунида иштирокчиларнинг тренерлик фаолиятига тайёргарлик даражасини синовдан ўтказиш мақсадида ўтказилган сўровномалар асосида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 200 нафар математика ҳамда 50 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси ўз ҳудудларида ўз ҳамкасбларига 1 марталик худди шундай тренинглар ўтиш ҳуқуқиқига эга бўлди.  

А.ҚАЮМОВ,  

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА