Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сифатли озуқа базаси мўл ҳосил гарови
17:49 / 2024-02-21

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида пиллачиликни ривожлантириш, соҳага хорижий технологиялар ҳамда илғор иш услубларини жорий этиш масалаларига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишида пиллачилик алоҳида ўрин эгаллайди. Қолаверса, муҳим саноат хом ашёси бўлган пиллага бўлган талаб ва эҳтиёж жаҳон миқёсида йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу боис ҳам юртимизда пиллачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Президентимиз раислигида жорий йил 12 февраль куни қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда 2024 йилги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ипакчиликни ривожлантириш, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган муҳим ишлар юзасидан бир қатор топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди. 

Андижон вилоятида жорий йилда 60 минг 363 қути ипак қурти парваришлаш, 3 минг 820 тонна пилла етиштириш режалаштирилган. Белгиланган режани бажариш учун ҳозирданоқ ҳаракат бошланган. Жумладан, кластер корхоналар билан ҳамкорликда мавжуд 5,7 минг гектар майдондаги тутзорларни парваришлаш, мўл ва сифатли озуқа олиш, 3 та уруғчилик корхонаси ишини самарали ташкил этиш, ҳудудлардаги “Лидер агроном аёллар” ни, касаначиларни ўқитиш, пилла етиштирувчиларга зарур шароитлар яратишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда пиллачилик соҳаси мутасадди ва мутахассислари, олимлар, туман ҳокимларининг ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари, лидер агроном аёллар, ипакчилик кластерлари, хотин-қизлар фаоллари, тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, касаначилар иштирок этди. 

Семинарда соҳадаги ютуқ ва муаммолар таҳлил этилиб, амалга оширилиши муҳим вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди. 

[gallery-16074]

– Президентимиз томонидан ипакчиликни ривожлантириш, шу орқали, аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Аҳмедова. – Вилоятда ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, пилла парваришига хотин-қизларни жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда соҳада ишловчи аёллар сонини 134,2 минг нафарга етказишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз. 

Семинарда Марҳамат туманидаги "Ipak koʻchat klaster" фермер хўжалиги раҳбари Абдупатто Мусурмонқулов, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти Ипакчилик ва тутчилик кафедраси катта ўқитувчиси Эргашали Асронов ҳамда бошқа мутахассисларнинг серҳосил тут навларини етиштириш, пиллачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш, ипак қурти уруғи инкубациясини ташкил этиш, сифатли уруғлар тайёрлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш, тут ва ипак қурти касалликлари профилактикаси бўйича маърузалари тингланди. 

Мутахассислар, иштирокчилар томонидан пилла етиштиришга хориж технологияларини жорий этиш, “Лидер агроном аёллар”ни ва пиллакорларни ўқитиш, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, кластер корхоналар билан шартномалар тузиш тартиблари, тажрибали пиллакорларнинг илғор иш услубларини оммалаштириш, соҳада янги иш ўринларини яратиш, умуман, соҳа ишини янада яхшилаш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

– Мўл ва сифатли пилла етиштиришнинг энг муҳим омилларидан бири сифатли озуқа базасининг мавжудлигидир, – дейди “Сапфир саноат” МЧЖ кластер корхонаси раҳбари Қамариддин Қувватов. – Шу боис ҳам соҳада янги тутзорлар яратиш, мавжудларини янгилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Озуқанинг мўллиги бир йилда бир неча марта пилла етиштириш имконини беради. Ана шундан келиб чиқиб Президентимизнинг топшириғига асосан вилоятнинг ҳар бир туманида 3 гектардан серҳосил навли, янги тутзорлар барпо этилмоқда. 

Ўқув семинарида мутахассислар томонидан иштирокчиларга белгиланган ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Бу борада жорий йилда амалга ошириладиган муҳим ишлар белгилаб олинди. 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА